Аҳоли қўшимча электр энергия билан таъминланади
Сўнгги йилларда қуёш фотоэлектр станцияларининг барпо этилиши аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қопламоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлиги ва сифатини назорат қилишда масъуллардан бўлган Божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари эса, ижобий натижалар кўрсатмоқда.
Хусусан, Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъул ходимларидан таркиб топган ишчи гуруҳ вакиллари ҳудудлар кесимида муқобил электр энергия манбаларидан кенг фойдаланиш ва мазкур йўналишда корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўрганишлар олиб бормоқда.

Шундай учрашувлардан бири Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компанияси томонидан Олот туманидаги 648 гектар ер майдонида барпо этилаётган қуёш электр станциясида бўлиб ўтди.
Унда қуёш электр панелларини ўрнатиш ва фойдаланиш билан боғлиқ барча масалаларга эътибор қаратилди. Ҳозирда қурилиш-монтаж ишлари жадаллик билан олиб борилаётган мазкур станцияга хориждан келтирилган эҳтиёт қисмлар учун 7 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар тақдим этилган ва божхона расмийлаштирув жараёнлари қисқа фурсатда амалга оширилган.

Маълумот учун, 250 МВт қувватдаги қуёш электр станциясининг лойиҳа қиймати 273 миллион долларни ва унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 635 миллион кВт/с ни ташкил этади. Муқобил электр энергия станцияси негизида 300 минг хонадон қўшимча электр энергия билан таъминланиши кутилмоқда.

Энг муҳими мазкур станция ишга туширилиши натижасида, электр энергияси ишлаб чиқариш учун табиий газ сарфи йилига 270 миллион куб метрга тежалади ҳамда карбонат ангидрид чиқиндиларининг 250 минг тоннагача камайишига эришилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.