Аҳоли муаммоларини ҳал этиш – энг муҳим вазифа
Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбарининг навбатдаги сайёр қабули Ғаллаорол туманининг энг чекка ва олис Қўйтош шаҳарчасида бўлиб ўтди.
Халқ орасига кириб бориш, улар билан мулоқотда бўлиш, дарду ташвишини тинглаш, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган ишни маҳаллабай тизимида ташкил этиб, сайёр қабул, учрашув ва мулоқотлар чоғида фуқаролар томонидан кўтарилган мурожаатларни имкон қадар жойида ҳал этиш бугунги ҳар бир катта-кичик раҳбарнинг зиммасидаги энг муҳим вазифадир.
Жиззах шаҳридан 70, Ғаллаорол тумани марказидан 35 километр олисда жойлашган ушбу шаҳарчада қарийб 7 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қўйтош шаҳарчаси кончилик негизида бунёд этилган бўлиб, собиқ иттифоқ даврида тўғридан-тўғри Москвага вольфрам етказиб берувчи етакчи ҳудуд бўлган.
Собиқ компартия гегемонлигидаги тизимнинг сўнгги йилларини ўтказаётган вақтга келиб, ушбу иттифоқ бошқаруви ва тўғридан-тўғри тасарруфида бўлган қиматбаҳо конлардан бири ёпилган. Шундан сўнг, шаҳарчадан файз барака кўтарилиб, кўрки қашшоқлашди, ишсизлар сони кескин ортди. Бу ердаги ижтимоий, маданий, маиший, савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари ўз файзини йўқотиб, бу ўз навбатида, шаҳарча аҳолисининг иқтисодий турмуш тарзига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.

Лекин, мустақиллик йилларига келиб, жумладан, 2018-2019 йилларда шаҳарчада “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳудуддаги маданият саройи, касалхона, болалар боғчаси, умумтаълим мактаби ва бошқа ижтимоий объектлар қайтадан таъмирланди. Марказий кўчаларга асфальт ётқизилиб, аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланди.
Куни кеча вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Бекзод Тошпўлатов ушбу шаҳарча аҳолиси билан бевосита мулоқот ўтказиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш мақсадида сайёр қабул ўтказди.
Сектор раҳбари шаҳарчадаги Қўйтош қишлоқ участка шифохонаси, 60-сонли умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, у ердаги вазият, яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Ушбу шифохона яқин атрофдаги қишлоқлар билан бирга жами 10 мингдан ортиқ аҳолининг саломатлиги учун масъул ҳисобланади. Бироқ, 1 дона “Дамас” русумли “Тез ёрдам” машинаси ҳар доим ҳам чақириқларга ўз вақтида етиб бормайди. Бу эса беморларга кўп ҳолатларда ўз вақтида биринчи ёрдам кўрсатиш имконини бермайди. Шунингдек, айрим тиббий ускуналар йўқлиги учун беморлар туман ёки вилоят марказига бориб, тиббий кўрикдан ўтишга мажбур бўлмоқда.
Сектор раҳбари келгуси ҳафтага қадар аҳолини малакали мутахассислар иштирокида тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берди.
Шундан сўнг, шаҳарча ҳудудидаги “Маданият маркази” да ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоллари билан учрашиб, аҳолининг муаммоларини бартараф этиш, ажратилаётган кредит ва субсидиялар, таълим кредитлари берилиши борасида суҳбатлашди.
Сайёр қабул давомида фуқаролардан электр таъминоти, табиий газга уланиш, тиббиёт муассасасини жиҳозлаш, тадбиркорлик фаолиятида дуч келинаётган айрим муаммолар юзасидан мурожаатлар қабул қилинди.
Оммавий қабулда кўриб чиқилган масала ва муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти қонунчилик талаблари асосида ҳал этилди. Қолган масалалар ечими бўйича тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Шундан сўнг, Ғаллаорол туман 4-сектори томонидан 10 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ётиб қолган, ўзгалар ёрдамига муҳтож якка-ёлғиз ва ногирон кексалар ҳолидан хабар олинди. Уларга саховатпеша ҳомийлар томонидан бирламчи эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
“Аёллар дафтари” рўйхатида турган 2 нафар оила бекаларига оилавий бизнесини йўлга қўйиш учун паррандачиликни ривожлантириш мақсадида субсидия асосида инкубаторлар олиб берилди.
– Президентимиз Жиззах вилоятига ташрифи давомидаги вилоят фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва мутасадди раҳбарлар билан мулоқоти чоғида, инсон омилига алоҳида эътибор қаратиш, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга барча шароитларни ва янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширишимиз лозим бўлган аниқ вазифаларни зиммамизга юкладилар, – дейди Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов. – Ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш, ишни маҳаллабай тизимида ташкил этиш соҳамизнинг барча ходимлари зиммасида турган энг долзарб вазифалардан бири деб тушинган ҳолда иш юритяпмиз.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА