Аҳоли даромади ошса камбағаллик қисқаради
Бухородаги маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган ўқув-амалий кўргазмали семинари бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий муҳофазага олинган оилалар вакилларини иш билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилган. Камбағалликни камайтиришда ишлаб чиқариш субъектлари қувватини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис жойларда ўтказилган тадбирлар давомида бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жондор, Олот, Пешку, Қоракўл, Шофиркон, Вобкент, Когон туманларида олиб борилган ўрганишларда масъуллар зиммасига бир қатор вазифалар юкланди, зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бухоро муҳандислик технология институти кафедралари Бухоро шаҳридаги “Shohrud” АЖ, “Kogon yo’g ekstraksiya zavodi” АЖ, “Ark Eko tekstil” МЧЖ, “Kogon don mahsulotlari” АЖ каби йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш учун яқин ҳамкор сифатида бириктирилган. Худди шундай, Бухоро давлат университети илмий тадқиқотчи мутахассислари вилоят марказидаги масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Delta Rumino”, “Tekstile palas”, “Sadbarg” корхоналарига жалб этилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали илмий тадқиқотчилари эса Қоровулбозор туманидаги “Bukhara real moto”, “Konchi” ҳамда Бухоро шаҳридаги “Бухоро таъмирлаш-механика заводи” МЧЖлар фаолиятини янада яхшилашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

– Вилоят маркази ва Бухоро, Жондор туманларида белгиланган ишларни амалга оширишда Республика ишчи гуруҳи вакили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат Бошқаруви Академияси профессори Бобир Каримов ҳамда вилоят масъулларидан таркиб топган илмий жамоа самарали меҳнат қилмоқда, – дейди Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Садоқат Сиддиқова. – Жумладан, Бухоро шаҳридаги 65 та, Бухоро туманидаги 36 та, Жондор туманидаги 52 та маҳаллада ўрганишлар олиб борилди. Ишчи гуруҳи томонидан шу йил 6-15 июнь кунлари барча маҳалла фуқаролар йиғинларида ўқитиш, ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилиб, ижтимоий оғир деб топилган ночор оилаларни қўллаб-қувватлаш мисолида амалий чора-тадбир белгиланди.

Семинарда Вобкент, Қоракўл туманлари ҳокимлари, Бухоро давлат университети ва педагогика институти вакиллари томонидан маҳаллаларда амалга оширилаётган лойиҳаларни ривожлантириш, микролойиҳалар самарадорлигини янада ошириш бўйича амалий тавсиялар, олий таълим муассасаларида илмий инновацион янгилик (new hau) ларни маҳалларда жорий этиш орқали илм-инновацияга асосланган янги турдаги даромад манбаларини яратишга оид маълумотлар берилди. Маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари, маҳаллалар “еттилиги” билан яқин ҳамкорлик қилаётган тижорат банклари, давлат ташкилот ва идоралари масъуллари, олий таълим даргоҳлари раҳбарлари томонидан бажарилиши зарур бўлган амалий чора-тадбирлар самарадорлиги хусусида сўз борди.
Олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилган илмий-инновацион ишланма ва маҳсулотлар кўргазмаси иштирокчиларга катта таассурот қолдирди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири