Аҳмад Аш-Шараъ ва Эрдоған Анқарада учрашди
Суриянинг ўтиш даври раҳбари Аҳмад Аш-Шараъ Анқарада Туркия етакчиси Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди, дея маълум қилди Анадолу.
Ўзаро музокаралардан сўнг Президентлар қўшма матбуот анжуманида нутқ сўзлади.
Президент Эрдоған энг умидсиз ва оғир кунларда муаммоларга дуч келган Сурия халқини ташлаб кетмаган Туркия янги даврда ҳам ушбу мамлакатга зарур ёрдам беришини билдирди.
– Сурия халқи 13 ярим йилдавомида турли ваҳшийликларга учради, – деди у. – Кўп бор ғайриинсоний қирғинга, жумладан кимёвий қурол зарбасига дучор бўлди. 1 миллионга яқин суриялик биродаримиз, афсуски, собиқ режим ва террор ташкилотлари ҳужуми натижасида ҳаётдан кўз юмди. Миллионлаб одам уйини, туғилган жойини, юртини ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Шунга қарамай, мамлакатнинг мард ўғлонлари зулмкор тартиб тарафдорларига қарши курашдан ҳеч қачон тўхтамади. 8 декабрдаги якуний ғалаба халқиникидир. Мамлакат тарихида янги саҳифа очилди. Энди халқ ўз келажагини белгилаш иродасига эга. Ҳудудий яхлитлик ва бирликни сақлаб қолиш ҳар доим Сурияга нисбатан сиёсатнинг асоси бўлган. Ушбу муҳим даврда фуқаролар иродасини акс эттирувчи инклюзив ва кенг қамровли ёндашув асосида мамлакат бошқарувини ташкил этишга аҳамият берамиз. Гуманитар ёрдам кўрсатиш, вайрон бўлган шаҳарлар ва муҳим инфратузилма объектларини тиклашда кўмак беришга тайёрмиз. Иқтисодий ривожланиш тезлашса, ихтиёрий қайтиш ҳам жадаллашади. Бошқа томондан, Сурияга нисбатан қўлланган қатор халқаро санкциялар иқтисодиёт ва инфратузилмани тиклашга тўсқинлик қилмоқда. Чекловларни олиб ташлашга қаратилган ҳаракатларимиз қисман енгиллик олиб келди. Бинобарин, тўлиқ натижага эришмагунимизча, саъй-ҳаракатни давом эттирамиз.
М.Пирматова, ЎзА