Аҳиллик - тараққиёт гарови
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди “Миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида Давлат грантлари ажратиш учун 5-танловни эълон қилди.
Танлов иштирокчиларига амалий ёрдам бериш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди раҳбарияти билан ҳамкорликда Миллий маданий марказлар ва Дўстлик жамиятлари вакиллари учун Zoom платформаси орқали “Миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида онлайн мулоқот ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятларининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари раҳбарлари иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев Ўзбекистонда хукм сураётган миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари томонидан эътироф этилаётганини таъкидлади. Бу борадаги вазифалар ижросига қўмита томонидан ҳам самарали ҳисса қўшишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Ҳамкорликда ташкил этилган мазкур ўқув машқлари жамоат ташкилотларига мамлакатимизда бу йўналишда қабул қилинган қатор қонун ҳужжатларидан тўғри фойдаланиш имконини яратади. Шу сабабли семинар иштирокчилари фурсатдан фойдаланиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиши мумкинлиги таъкидланди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди мутасаддилари томонидан миллий маданий марказларга мўлжалланган давлат грантлари танловларида қатнашиш учун лойиҳалар ва дастурларни тайёрлаш билан боғлиқ ишлар юзасидан ахборот берилди.
Семинар ишида қатнашган миллий маданий марказлар ва Дўстлик жамиятлари раислари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.