Аграр соҳа ёшлари “Заковат”да беллашди
Мамлакатимизда 30 июнь – Ёшлар куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Ёшлар куни муносабати билан июнь ойи “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилиниб, барча идора ва ташкилотлар томонидан ойлик доирасида ёшлар форуми, ёшлар билан учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан “Аграр соҳа ёшлари” республика форуми ташкил этилиб, унинг доирасида бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Вазирлик ва “Заковат интеллектуал клуби” ННТ ҳамкорлигида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам Ёшлар кунига бағишланди. Мазкур “Заковат” ўйинида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг ёш давлат хизматчилари ва иқтидорли талабалари иштирок этди. Интеллектуал ўйинда 36 та жамоа таркибида 216 нафар иштирокчи қатнашди.

Қизиқарли саволларга ва қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтган ўйинда ёшларнинг мантиқий фикрлаши, қишлоқ хўжалиги соҳасига оид билимлари, кўникмалари синовдан ўтказилди.
Форумга Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ҳам ташриф буюриб, ёшларни байрам билан табриклади. Вазир ўз табригида бугунги кунда аграр соҳада фаолият олиб бораётган ходимларнинг 40 фоизи ёшлардан иборат эканлигини, соҳада 200 нафардан ортиқ ёш фан докторлари, профессорлар фаолият кўрсатаётганини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, соҳадаги ёшлар дунёнинг энг илғор ёшлари билан беллаша олишига, улар билан биргаликда янги ғоялар, ишланмалар борасида ҳамкорлик қила оладиган, давлатимизга, халқимизга фойдаси тегадиган ишларни амалга оширишларига ишонч билдирди.

Қизғин ва муросасиз кечган интеллектуал ўйинда 1-ўрин “Термиз форевер” жамоасига, 2-ўрин “ИСКАД” жамоасига, 3-ўрин “Сигма” жамоасига насиб этди. Ғолиб ва совриндорлар кубок, медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА