Аграр соҳа вакилларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлис кун тартибидан бир қатор қонун лойиҳалари, шунингдек, парламент назорати фаолиятига оид масалалар ўрин олган.
Мажлисда дастлаб “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
– Юртимизда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда, – деди Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Р.Мамутов. – Шу билан бирга, сувни тежайдиган суғориш технологияларини ўрнатиш, уларнинг сифатли ишлашини таъминлаш билан боғлиқ шартнома мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш, маҳсулот етиштирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Шу мақсадда қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари сувни тежайдиган суғориш технологияларини ўрнатиш, уларнинг сифатига кафолат бериш ва сервис хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ шартнома мажбуриятлари маҳаллий ва хорижий пудрат ташкилотлари томонидан бажарилмаганлиги юзасидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга қилган даъволари бўйича давлат божини тўлашдан озод этилишини белгиловчи қўшимча киритилмоқда, – деди қўмита раиси.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА