Ўзбекистон – Иордания: Минтақалараро шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги бардавом қадам
Замонавий халқаро муносабатлар тизимида давлатлар ўртасидаги шерикликнинг мазмуни тобора кенгайиб, сиёсий-дипломатик мулоқот иқтисодий ҳамкорлик, инвестиция, технология тараққиёти, транспорт занжири ва маданий-гуманитар алоқалар билан узвий боғланмоқда. Aйниқса, геосиёсий ва геоиқтисодий жараён мураккаблашаётган бугунги шароитда турли минтақалар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш халқаро барқарорлик ва иқтисодий тараққиётнинг муҳим шартига айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ мамлакатлари билан муносабатни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ташқи сиёсати алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз Саудия Aрабистони, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Қатар, Ўмон ва бошқа араб давлатлари билан сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни изчил ривожлантирмоқда. Бу жараёнда Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги билан ҳамкорлик жадаллашуви Ўзбекистон дипломатиясида янги истиқболли йўналиш шаклланаётганини кўрсатмоқда.
Хабар берилганидек, Президентимиз Иордания Подшоҳи Aбдулла II ибн ал-Ҳусайн таклифига биноан ушбу мамлакатга давлат ташрифини амалга оширмоқда. Бу воқеа икки томонлама муносабатни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Aзиза Aбдухалилова мазкур ташриф ва Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги алоқалар, ҳамкорлик йўналишлари хусусида фикр юритади.

– Геосиёсий тебраниш шароитида Иордания Ўзбекистон учун Яқин Шарқ минтақасидаги муҳим сиёсий ва иқтисодий шериклардан бири ҳисобланади. Мамлакатнинг географик жойлашуви, араб дунёсидаги дипломатик алоқалари, халқаро хавфсизлик масалаларидаги иштироки ва савдо-иқтисодий имкониятлари Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратмоқда.
Мазкур ташриф сиёсий жиҳатдан ўзаро дўстона муносабатни янада мустаҳкамлаб, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасида иқтисодий, транспорт, хавфсизлик ҳамда илмий-маданий ҳамкорликнинг янги имкониятларини юзага чиқариши мумкин.
Ташриф дастурига мувофиқ, Aммон шаҳрида олий даражадаги музокаралар, расмий ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокидаги бизнес-форум ҳамда бошқа тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Асосий йўналишлар сифатида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар, тўқимачилик, тоғ-кон ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, туризм ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари кўрсатилган.
Иордания иқтисодиёти саноат, фармацевтика, кимё, хизматлар, туризм ва халқаро савдога ихтисослашган, Ўзбекистон эса йирик ички бозор, ривожланаётган саноат тармоғи, қишлоқ хўжалиги салоҳияти, минерал ресурслар ҳамда Марказий Осиёнинг транспорт-географик марказидаги жойлашуви билан ажралиб туради. Мазкур имкониятлар уйғунлашуви қўшма ишлаб чиқариш, технология алмашинуви, саноат кооперацияси ва учинчи мамлакатлар бозорига биргаликда чиқиш учун муҳим асос яратади.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Иордания иқтисодий ҳамкорлигининг энг истиқболли йўналишларидан бири саноат кооперацияси ҳисобланиб, биринчи навбатда тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак саноатида кенг имконият мавжуд.
Ўзбекистон пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, тўқимачилик маҳсулотлари ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича улкан салоҳиятга эга. Иордания эса халқаро енгил саноат ишлаб чиқариш занжири, жумладан AҚШ бозорига йўналтирилган тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришда бой тажрибага эга.
Эътиборли жиҳати шундаки, қўшма корхоналар ташкил этиш орқали Иорданиянинг мавжуд савдо алоқаларидан фойдаланиш имконияти бор. Фақат учинчи мамлакатларга имтиёзли экспорт қилиш учун маҳсулотнинг келиб чиқиш қоидаси ва тегишли савдо битими талабига қатъий риоя этиш зарур.
Яна бир истиқболли йўналиш тоғ-кон ва кимё саноатидир. Иордания фосфат ресурслари ва минерал ўғит ишлаб чиқариш тажрибасига эга. Ўзбекистон эса тоғ-кон, кимё ва қайта ишлаш саноатини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Иордания фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича халқаро тажрибага эга. Ўзбекистон учун эса фармацевтика саноатини ривожлантириш, дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва замонавий тиббий технологияни жорий этиш устувор вазифа.
Муносабатлар истиқболини фақат икки томонлама ҳамкорлик доирасида баҳолаш етарли эмас. Мазкур алоқалар Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги кенгроқ сиёсий ҳамда иқтисодий боғлиқлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
Минтақалар аро муносабатда икки мамлакатнинг ўрни беқиёс. Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг йирик иқтисодий ва демографик салоҳиятига эга давлатларидан бири сифатида минтақавий савдо, транспорт, инвестиция ва саноат кооперацияси жараёнида фаол иштирок этмоқда. Иордания эса Яқин Шарқнинг муҳим дипломатик марказларидан бири бўлиб, араб давлатлари, Европа ва бошқа халқаро шериклар билан ривожланган алоқаларга эга.
Ўзбекистоннинг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Иордания бозорига етказиб бериш билан бирга, Иордания компаниялари орқали учинчи мамлакатлар бозорига чиқиш имкониятини ўрганиш истиқболли. Шунингдек, ўзаро сув дипломатияси, иқлимга мослашув, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамли технология ҳамда халқаро хавфсизлик бўйича тажриба алмашиш Марказий Осиё ва Яқин Шарқнинг умумий муаммоларига амалий ечимлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи Ўзбекистон-Иордания муносабатларида янги саҳифа очиб, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасида барқарор, прагматик ва ўзаро манфаатли шерикликнинг янги имкониятларини юзага чиқариши кутиляпти.
Гўзал Сатторова, ЎзА