Афв этилганлар нима иш билан банд?
Рамазон ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари фармони асосида 16 нафар самарқандлик юртдошимиз ҳам афв этилганди.
Самарқанд вилоят ҳокимлигида жазони ижро этиш муассасаларидан шартли озод этилган ва бугун оиласи бағрида яшаётган, жамиятда ўз ўрнини топишга интилаётган 8 нафар афв этилган фуқаролар билан суҳбат ўтказилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Мамадқулов ва бошқа масъуллар тўғри йўлдан адашган бу юртдошларимизнинг бугунги ҳаёти, орзу-ниятлари билан қизиқди. Уларнинг оилавий шароити, саломатлиги ва бошқа жиҳатларга эътибор қаратилди. Шу асосида мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.
Жумладан, ургутлик Фаррух Эргашев жазони ижро этиш муассасасида тикувчиликни ўргангани, замонавий тикув машинаси олиб берилса, эркаклар кўйлак-шими тикиб, шу орқали ўзини-ўзи банд қилишини айтди. Унга туман ҳокимлиги томонидан тикув машинаси олиб бериладиган бўлди.

Каттақўрғонлик Даврон Раббимов эса туман марказида енгил конструкцияли тандирхона қуриб берилса, сомсапазлик билан шуғулланишини билдирди. Унинг ижтимоий аҳволи, бир ҳовлида кўпчилик бўлиб яшаши инобатга олиниб, туман ҳокимлиги балансида турадиган уй-жойлардан бирин ажратиш масаласи кўриб чиқилиши айтилди.
– Хато иш оқибатида умримнинг 11 йилини зулматда, панжара ортида ўтказдим, – дейди Каттақўрғон тумани Чиғатой маҳалласида яшовчи Абдумурод Сайфуллаев. – Албатта, бу вақт давомида ўзимга тегишли хулосалар чиқариб олдим. Президентимиз бизни кечириб, афв этганидан миннатдорман.
Энди давлатимиз, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун ҳалол меҳнат қиламиз. Бунинг учун ҳам давлатимиз шароит яратиб бермоқда. Асаларичилик билан шуғулланишни бошладим, насиб этса, бу фаолиятни кенгайтираман. Бугунги суҳбатда ҳокимлик вакиллари уй-жойимни таъмирлашда ёрдам беришларини айтишди, хурсанд бўлдим.
Самарқанд туманидан келган Эркинжон Раҳимовга мотокультиватор, Самарқанд шаҳрида яшовчи Обид Эрнафасовга эса ҳунармандчилик қилиши учун асбоб-ускуна олиб бериладиган бўлди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА