Афғонистонлик аёл талабалар учун навбатдаги ўқув
Бугун – 1 февраль кунидан мамлакатимиз олий ўқув юртларида таҳсил олаётган афғон аёл талабалари учун қишки мактаб ўқуви бошланди.
Мазкур ўқувдан кўзланган мақсад, афғон аёл талабаларнинг гендер тенглиги, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини ошириш, шахсий ва касбий кўникмага эга бўлиш, ижтимоий қўшилиш, тинчлик, хавфсизлик ва етакчилик соҳаларида таълим салоҳиятини юксалтиришга қаратилган.
БМТ Тараққиёт Дастурининг минтақавий лойиҳаси координатори Улуғбек Камалетдиновнинг маълум қилишича, қишки мактаб ўқувлари 5 февралга қадар давом этади. Афғонистонлик талаба қизларнинг ўқувда олган билим ва кўникмалари ўз юртига қайтганларида гендер тенглигини тарғиб қилиш, янги, муносиб иш топиш имкониятларини кенгайтириш ва аёлларнинг жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини оширишда қўл келади.
– 2020 йил декабрь ойида 10 нафар афғон аёлидан иборат биринчи гуруҳ Тошкент давлат аграр университетида агрономия бўйича техник ва касб-ҳунар таълими дастурида ўқишни бошлаган эди, – деди У.Камалетдинов. – Бу галги ўқувнинг ташкил этилиши ҳам Афғонистон аёлларининг иқтисодий имкониятларини қўллаб-қувватлашга қаратилган трансчегаравий ташаббус туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистонда ўқитиш учун Европа Иттифоқи молиялаштирган ва БМТ ТД томонидан амалга ошириладиган таълим грантлари билан боғлиқдир. Аҳамиятлиси, ушбу ташаббусни амалиётга татбиқ этишда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Тошкент давлат аграр университети БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари ҳисобланади.

Беш кун давом этадиган ушбу қишки мактаб ўқуви Қозоғистондаги «БМТ-Аёллар» тузилмаси ва Нархоз университети ҳузуридаги Гендер иқтисодиётини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Университет ҳузуридаги Гендер иқтисодиётини ўрганиш маркази 2018 йилда Сорос-Қозоғистон жамғармаси экспертлари ва молиявий кўмаги билан ташкил этилган.
Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган афғон аёл талабалари учун қишки мактаб ўқуви Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури қўшма дастури доирасида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистоннинг хусусий ва давлат секторлари мутахассислари томонидан "Гендер тенглиги ва аёлларнинг ҳуқуқлари", "Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш" ва "Жамият ва мамлакат тараққиёти учун тинчлик ва ўзини тутишни ўзгартириш" модуллари бўйича интерактив тренинглар шаклида машғулотлар ўтказилмоқда.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА