Афғонистон делегацияси Сурхондарёда
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг таклифига биноан Афғонистоннинг Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо бошчилигидаги расмий делегация Сурхондарё вилоятида бўлди.
Меҳмонларни “Айритом” чегара-божхона постида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ва бошқа расмийлар кутиб олди.



Делегация аъзолари ўз сафарларини Термиз туманидаги Ҳаким ат-Термизий ва Шеробод туманидаги Имом Термизий мажмуаларини зиёрат қилиш билан бошлади. Меҳмонлар мажмуаларда зиёратчилар учун яратилган шароитлар ва улуғ алломаларимизнинг бой илмий мероси жамланган кутубхона билан яқиндан танишди.
Буюк аждодларимиз мангу қўним топган серфайз масканларда Қуръони карим оятлари тиловат қилинди.



Меҳмонлар учун ташкил этилган расмий қабул чоғида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, “Термиз” халқаро савдо маркази имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали Ўзбекистон-Афғонистон тадбиркорлари учун қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама этилди.



Самимий руҳда ўтган мулоқот ён қўшни икки вилоятнинг дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири