Афғон уруши қатнашчилари дийдорлашди
Самарқанд шаҳрида Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон “Ветеран” жангчи фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ҳамкорлигида афғон уруши қатнашчилари иштирокида инсонпарварлик ёрдами акцияси бўлиб ўтди.
Сурхондарё, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларидан келган ҳамда самарқандлик 120 нафар афғон уруши қатнашчиси дастлаб Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонида бўлиб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Шундан сўнг афғон уруши қатнашчиларининг дийдорлашуви бир пиёла чой устида давом этди.
Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳарбий атташе катта ёрдамчиси полковник А.Машуков, Ўзбекистон “Ветеран” жангчи фахрий ва ногиронлари бирлашмаси раҳбари Т.Муродов афғон урушида собиқ иттифоқ мамлакатларидан минглаб кишилар иштирок этгани ва уларнинг жасорати ҳақида гапирди. Шунингдек, бу урушдан кўплаб оилалар азият чеккани, кўплаб мард йигитлар жангларда вафот этгани ёдга олиниб, уларнинг жасорати эсланди.

Тадбирда Россия Федерацияси томонидан афғон уруши қатнашчилари ва урушда ҳалок бўлганларнинг яқинларига 200 АҚШ долларига тенг бир марталик инсонпарварлик ёрдами топширилди.
– Биринчи марта ташкил этилган минтақавий учрашув тидбирида кўп вақтдан буён кўрмаган қуролдош дўстларимизни кўрдик, афғон заминида ҳалок бўлган дўстларимизни хотирладик, – дейди Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидан келган Алимардон Бобониёзов.

– 1979-1980 йилда Афғонистонда бўлиб қайтгач, ҳудудимиздаги ҳарбий автоколоннада 43 йил ҳайдовчи бўлиб ишладим ва пенсияга чиқдим. Худога шукр, бугун тинч-осойишта ҳаёт кечиряпмиз. Ушбу осойишта кунларимизга кўз тегмасин.
Тадбирда афғон урушида ҳалок бўлган бир гуруҳ собиқ аскарларнинг оила аъзоларига ташаккур билдирилди ва бир марталик пул мукофотлари берилди.





Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА