Афғон талабалари Термизда Бобур сиймосини яратди
Термиз туманидаги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.
Таълим маркази маъмурияти, профессор-ўқитувчилар, туман маданият бўлими ходимлари ва талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда буюк саркарда, шоҳ, шоир ва етук қомусий олимнинг ҳаёти, ижоди, бой маънавий мероси, саркардалик санъати хусусида атрофлича сўз юритилди. Буюк давлат арбобининг жаҳон маданияти, адабиёти ва шеъриятида қолдирган бебаҳо мероси ҳақида фикр алмашилди.

Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида ўчмас ном қолдирди. ”Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ўрин эгаллади. Ул зотнинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдонасига айланди. “Мубаййин” (“Баён этилган”), “Хатги Бобурий”, “Ҳарб иши”, аруз ҳақидаги рисолалари ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларини ривожлантиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Кечада Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Афғонистонлик талаба-ёшлар шоир ғазаллари ва рубоийларини ёддан айтиб, қизиқарли саҳна кўринишларини намойиш этди.
–Улуғ аждодимиз таваллуд топган куннинг муборак 540 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда буюк давлат арбоби, саркарда, олим ва шоир ролини ижро этганимдан қувончим чексиз,–дейди афғонистонлик талаба Абдулғофур Раҳимий.–Заҳириддин Муҳаммад Бобур кўп қиррали шахс бўлган. Ўз замонасида адолатпарвар шоҳ, буюк қомусий олим ва шоир сифатида дунёда ном қозонган. Ана шундай улуғ зотларнинг аждоди бўлганимиздан ҳақли равишда фахрланишимиз керак.

Тадбирда фаол иштирок этган ҳамда халқаро илмий конференцияларда илмий мақолалари билан қатнашган бир гуруҳ афғон талабалари фахрий ёрлиқ ва сертификат билан тақдирланди. Бобур ғазаллари билан айтилган куй-қўшиқлар барчага бир олам қувонч улашди.
Сурхондарё вилоятидаги бошқа таълим муассасаларида ҳам Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишлаб учрашув, давра суҳбати ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар юксак савияда ўтказилмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири