Адвокат ва нотариуслар ислоҳотлар ҳақида ўзаро фикр алмашишди
Сирдарё вилоятида адвокатура ва нотариат тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган амалий семинар ташкил этилди.
Тадбир адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан адлия бошқармаси, нотариал идоралар ҳамда адвокатлар палаталари ҳамкорлигида ўтказилди. Семинар доирасида адвокатура институтининг такомиллаштирилишига оид Қонун лойиҳаси ҳамда Президентнинг 2025-йил 9-сентябрда қабул қилинган “Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори атрофлича муҳокама қилинди. Мутахассислар иштирокчиларга ҳужжатнинг мақсад ва вазифаларини, унинг ҳуқуқий соҳада яратадиган имкониятлари ҳамда амалий қўлланиш тартибини тушунтириб бердилар.

– Бугунги муҳокамаларда соҳа олдида турган энг муҳим масала — аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишдир, – дейди вилоят адлия бошқармаси шуъба бошлиғи Шердор Расулов. – Президент қарорида нотариат тизимида рақамли хизматларни кенгайтириш, адвокатурада эса шаффофлик ва малака оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда янги босқичга чиқишимиз учун мустаҳкам асос бўлади.

Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фурқатжон Ўроқов семинарнинг аҳамиятини таъкидлар экан, қуйидагича фикр билдирди: – Семинарнинг асосий мақсади — қонунчиликдаги янгиликларни амалиётчиларга етказиш, уларни кундалик фаолиятда қўллаш кўникмасини шакллантиришдир. Шу билан бирга, адвокатлар ва нотариуслар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, ҳуқуқий хизмат кўрсатишда ягона ёндашувни йўлга қўйиш ҳам долзарб аҳамиятга эга. Биз адвокатлар палатаси сифатида, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда янги ислоҳотларнинг амалий самара беришига интиламиз.

Семинарда шунингдек, адлия бошқармаси ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ёш адвокатлар академияси” лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Лойиҳа орқали ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларни замонавий ҳуқуқий амалиётга жалб этиш, тажрибали адвокатлар билан доимий мулоқот ва тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Тадбир якунида иштирокчилар соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида таклифлар билдириб, қонунчилик ва амалиётдаги ўзгаришларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олишди.
Ғулом Примов, ЎзА