Адолатнинг уч порлоқ юлдузи
Адолатнинг порлоқ юлдузига айланган уч ўзбек аёлининг ҳаёт йўллари, шубҳасиз, улкан илмий-амалий тадқиқотларга арзигуликдир! Бу борада Ўзбекистон Судьялар Олий Кенгаши томонидан тайёрланган “Уч машҳур ўзбек аёли“ китобини халқчил ва оммабоп тадқиқотлар дебочаси дейиш мумкин.
Ўзбек аёллари ичидан етишиб чиққан Хадича Сулаймонова, Мамлакат Восиқова ва Ҳалима Муҳиддиноваларнинг шарафли номи тарихда олтин ҳарфлар билан ёзилиб қолганлиги бежиз эмас. Оддий оилаларда улғайиб, нисбатан оғир шароитларда ўқиб-ўрганиб, жамиятнинг илғор фарзандлари бўлиб етишган ушбу аёлларнинг ҳар бири қандай қилиб ўз соҳасининг чўққисига кўтарила олган эди?
Академик, Олий суд раиси, Адлия вазири! Фан доктори, профессор ва оилада шарафли она, суюкли буви!..
Уларнинг жамиятда тутган ўрни ҳақида ҳали кўпдан-кўп олқишлар, мароқли ҳикоялар тинглаймиз! Жуда кўп авлодлар “Мен академик Хадича Сулаймонованинг шогирдиман!”,“ Мен юридик фанлари доктори, профессор Мамлакат Восиқованинг қўлларида ўқиганман!” деган миннатдорона иқрорини эшитамиз. Улар шахсий ҳаётда ҳам кўпчиликка ўрнак бўлишган.
Маълумки, ўтган асрнинг 70-йилларида Ўзбекистон ҳуқуқ органлари, хусусан, суд тизими устида “қора булут“лар кезган эди. Олий суд раиси Саъдулла Пўлатхўжаев терговга тортилган ва унинг ўринбосарларидан бири қамоққа олинган пайтда Ўзбекистон Олий суди СССР Бош прокуратурасининг “синов полигони“га айланган эди.
Саъдулла Пўлатхўжаев изидан Бухоро вилоят судининг раиси Ғафур Орифжонов, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари Собит Дадажонов, Олий суд судьяси Деҳқонбой Сулаймонов ва бошқалар турли муддатларга озодликдан маҳрум этиладилар.
Худди ўша кунларда Ўзбекистон Олий суди раиси Ҳалима Муҳиддинованинг ҳукумат телефони жиринглайди ва республика бош прокурори буйруқ оҳангида талаб қилади:
– Ўртоқ Муҳиддинова, республика прокуратурасига тезда етиб келинг, Сизни бу ерда СССР прокуратурасидан масъул ўртоқлар кутишмоқда!.. Суд процисуал қонун-қоидаларида “Олий суд раисини терговга чақириш тартиблари“ қатъий акс эттирилмаган, лекин “тергов“га ҳурмат масалалари кўрсатилган. Бироқ, бу ўртада “судга ҳурмат“ масаласи ҳам бор!..
Табиатан оғир ва босиқ бўлган Ҳалима Қодировна ўша кунларда тергов органлари томонидан оёқ-ости қилинаётган суд шаънини баланд қўяр экан, қатъий жавоб қилди:
– Кечирасиз, мен прокуратурани ҳурмат қиламан, бироқ мен прокуратурага керак бўлсам, менинг олдимга прокуратуранинг ўзи келсин!..
Бундай кескин жавобдан кейин, СССР Бош прокуратурасининг Ўзбекистонда бўлиб турган масъул шахслари бўлмиш Зверьев ва Каракозовлар пешонаси тиришган дарғазаб ҳолда Ўзбекистон Олий суди раисининг қабулида зудлик билан пайдо бўлишди...
Вақти-соати билан бу оташин тарзда кечган “оловли суҳбат“ савол-жавобларига албатта қайтамиз. Ҳозирча шуни илова қилиш мумкинки, москвалик махсус терговчилар Ўзбекистон Олий судининг раиси билан бўлган дастлабки “сўроқ“дан нарига ўтишга асос тополмай, чекинишдан ўзга чоралари қолмади. Уларнинг рўпарасида нафақат ўзини, балки республика Олий суди шаънини ҳимоя қилишга шай бўлиб турган билимли, тажрибали, энг муҳими, қўли тоза, покиза ва мағрур инсон турарди.
Москвалик аламзада терговчилар рўпарасида аллома олималар – Хадича Сулаймонова, Мамлакат Восиқова каби устозлар мактабини ўтаган оқила арбоб, мағрур ўзбек аёли – Олий суд раиси Ҳалима Муҳиддинова турарди.
Шароф Убайдуллаев, журналист
/“Нуроний“/