Фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, мард ўғлонлар хотираси ёд этилмоқда
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан Сурхондарё вилоятида Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга чуқур эҳтиром кўрсатилиб, мустақиллик йиллари Ватан тинчлиги, юрт ободлиги йўлида жон фидо қилган мард ўғлонлар ёдга олинмоқда.

Музработ туманида улғайган сержант Зиёдулла Қўлдошев тоғли ҳудудларда мамлакатимиз чегараларини бузиб киришга ҳаракат қилган босқинчи тўдалар билан бўлган жангда 2002 йил 30 августда қаҳрамонларча ҳалок бўлган. 24 ёшида Ватан учун жон тиккан ўғлон бундан ўттиз бир йил аввал тумандаги 33-умумтаълим мактабини битириб, Фарғона вилоятидаги ҳаво-десант қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтади. 2000 йилда Давлат хавфсизлик хизмати идораларига қабул қилинди. У оиладаги уч ўғил ва икки қизнинг тўнғичи эди.

Президентимизнинг фармонига мувофиқ вафотидан сўнг “Жасорат” медали билан мукофотланган марҳум ҳарбий хизматчининг номи абадийлаштирилиб, Музработ туманидаги ўзи ўқиган 33-мактабга З.Қўлдошев бюсти ўрнатилган. Туманнинг Йўлчи маҳалласидаги кўчалардан бирига унинг номи берилган. Жасур ҳарбий хизматчи таълим-тарбия олган мактабда ташкил этилган Хотира бурчаги ўқувчиларни Ватанга садоқат, юртга муҳаббат, мард, жасур аждодлар анъанасига ҳурмат руҳида улғайтиришга хизмат қилмоқда.

Хотира ва қадрлаш куни арафасида Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқулов бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳамроҳлигида Зиёдулла Қўлдошев камолга етган хонадонда бўлиб, оила аъзолари ҳолидан хабар олди. Улар билан дилдан суҳбатлашиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги учун жон фидо қилган ўғлоннинг хотирасини ёд этди. Тенгдошлари ва сафдошларига ибрат бўлган юксак фазилатлари эсга олинди. Мард, жасур йигитни тарбиялаб, улғайтирган оилага чуқур эҳтиром ва маънавий кўмак рамзи сифатида совғалар топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири