Адолат устуворлигига хизмат қилади
Шуни таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда одил судловни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамиятининг ролини оширишга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Қайд этиш жоизки, айни пайтда суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги, ҳалигача суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари сақланиб қолаётгани, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмагани суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этаётган эди.
Шуни таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда одил судловни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилди. Хусусан, ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Ҳудудларда маъмурий судлар ва иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш масаласи парламентнинг доимий эътиборида бўлиши учун Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ташкил этилди.
Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди. Илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида биринчи марта судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Суд тизими ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида Судьялар олий мактаби ташкил этилди. Судларни моддий-техник жиҳатидан таъминлашни мустақил ҳал этиш учун эса Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти тузилди.
Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундан ташқари, даъво аризаларни электрон рўйхатдан ўтказиш, процессуал муддатларга риоя қилиниши устидан онлайн мониторинг қилиш имкониятини берувчи электрон база, суд мажлисларини тўғридан-тўғри онлайн узатиш имкони яратилди.
Шу билан бирга, барча соҳа ва тизимларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги фаоллиги кундан кунга кенгайиб, мулкдорлар сони ошиб бораётганлиги суд-ҳуқуқ тизимини ҳам янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар томонидан жорий йилнинг июнь ойида жойларда олиб борилган мулоқотлар давомида суд ишларида ортиқча бюрократиянинг сақланиб қолаётгани, суд қарорларини қайта кўришда такрорловчи босқичлар мавжудлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар соҳа мутахассислари ва жамоатчилик вакиллари томонидан очиқчасига айтиб ўтилган эди.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг жорий йил 24 июль куни қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони айнан ана шундай муаммоларга ечим бўлди, десак хато бўлмайди.
Хусусан, фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этиладиган бўлди. Бу эса, жойларда ягона суд амалиётини шакллантиришга, судларнинг тарқоқлиги туфайли фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.
Эндиликда туман (шаҳар) маъмурий судлари ўрнида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Бу, ўз навбатида, маъмурий судларнинг муайян тумандаги маҳаллий ҳокимият органларининг турли тазйиқларидан холи ва мустақил фаолият юритиши, яъни фуқаролар ва тадбиркорларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан суд орқали ҳимоялаш учун янада қулай шароит яратади.
Фармон билан прокуратура органларининг ваколатларига оид муҳим ўзгаришлар ҳам киритилмоқда. Хусусан, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра, жиноят ишини тугатиш, прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш ҳамда қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш тартиби жорий этилмоқда.
Маълумки, шу кунгача прокуратура органлари томонидан судларнинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни турли сабаблар билан суддан чақириб олиш амалиёти мавжуд бўлиб, бу биринчидан, ишнинг тарафлар эҳтиёжидан келиб чиқмаган бўлса, иккинчидан, бундай ваколат ишда тарафлар ҳуқуқини ҳимоя қилаётган адвокатларда мавжуд эмаслиги сабабли прокурор ваколатини адвокатларга нисбатан устунроқ мавқеига олиб чиқарди.
Ушбу ўзгариш адолатни таъминлаш, судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди, албатта. Эътиборлиси шундаки, фармон билан ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этиладиган бўлди. Яъни туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра, кассация тартибида такроран кўриб чиқиш назарда тутилмоқда. Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти эса тугатилмоқда. Бундай тартибнинг ўрнатилиши натижасида судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлиги таъминланади ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олди олинади.
Соддароқ айтганда, юқорида таъкидлангандек, биринчи инстанция судлари фақат биринчи инстанция сифатида ишни кўриб чиқади. Авваллари вилоят суди айрим ишларни биринчи инстанция сифатида ҳам кўриб, унинг устидан келиб тушаётган шикоятларни апелляция ва кассация инстанциясида ҳам кўрар эди. Энди туман суди кўрган масалани вилоят суди апелляция инстанциясида, вилоят суди биринчи инстанция сифатида кўрган аризани Олий суд судлов таркиби апелляция инстанцияси сифатида кўради.
Айрим статистик маълумотларга эътибор қаратсак: кейинги 3 йил давомида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасида ўтказилган ислоҳотлар натижасида 2273 шахс оқланган, бу жамиятимизда адолат қарор топаётгани ва қонун устуворлигидан далолат беради, албатта.
Тан олиш жоизки, илгарилари оқлов тушунчасига судьяларнинг ўзлари ҳам таъриф беришга ожизлик қиларди.
Маълумки, судда муайян иш, низони тўғри ва адолатли ҳал этишда судьянинг асосий “иш қуроли” ва “таянчи” қонун бўлади. Шундай экан, Олий суд Конституция билан берилган қонун ташаббускорлиги ҳуқуқидан самарали фойдаланиши одил судловни таъминлашда ўзининг ижобий натижасини беради. Фармонда Олий суд тузилмасида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси тузилиши ҳам кўзда тутилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу эса Олий суднинг қонун ижодкорлиги жараёнида янада кўпроқ ва профессионал тарзда иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу тузилма орқали эса суд ва парламентнинг ўзаро ҳамкорлиги кучайишига ҳам мустаҳкам замин яратилади.
Самарали суд тизимига эга бўлишимиз нафақат қонун устуворлигини таъминлаш ва адолат ўрнатишга кўмаклашади, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам юксак самара беради. Мулкни ва мулкдорни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг мулк ҳуқуқини чеклашга қаратилган ҳар қандай уринишнинг олдини олади, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади, фуқароларнинг эса ўз шахсий бизнесини ривожлантириш ва кенгайтиришга бўлган ишончини янада кучайтиради.
Ўзбекистонда судларнинг иши жамият учун шаффоф ва очиқ, шу билан бирга, холис бўлиши керак. Холисликни таъминлаш учун эса, жамоатчилик вакилларининг суд ишини юритишда иштирок этишини таъминлаш ҳамда судларнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш муҳимдир.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони жамиятда адолат барқарорлигини таъминлаш йўлидаги сайъ-ҳаракатлар учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.
Илҳом НАСРИЕВ,
юридик фанлари доктори, профессор