“Адолат” СДП ташаббуси билан Тошкентда йирик донорлик акцияси ўтказилди
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни мамлакатимизда нафақат байрам шодиёналари, балки келажагимиз эгалари бўлган болажонлар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган хайрли ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар билан ҳам ёдда қолмоқда. Ана шундай эзгу ва инсонпарвар ташаббуслардан бири Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан амалга оширилди.
Партия ташаббуси билан пойтахтимизда “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ташкил этилган хайрия донорлик акцияси жамиятимизда ижтимоий бирдамлик ва инсонпарварлик фазилатларини яна бир бор намойиш этди. Ушбу тадбир оғир хасталик билан курашаётган, қон ва унинг компонентларига муҳтож бўлган бегуноҳ қалблар — болажонлар ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган амалий ҳаракат бўлди.

Бугунги кунда тиббиёт ривожланган бўлса-да, гематологик, онкологик ва бошқа оғир тизимли хасталикларга чалинган бемор болаларнинг ҳаётини сақлашда донорлик қонининг ўрнини босувчи муқобил восита мавжуд эмас. Статистик маълумотларга кўра, юртимизда ҳар куни юзлаб болажонлар шифохоналарда ўз вақтида қилинган қон қуйиш муолажаси туфайли ҳаётга қайтади. Шу нуқтаи назардан, “Адолат” СДПнинг ушбу ташаббуси жамият учун ўта долзарб ва ҳаётий масалага қаратилган.
Партия ўз Дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, доимий равишда аҳоли саломатлиги, ижтимоий ҳимоя ва адолат тамойилларини илгари суриб келади. Партия мазкур акция орқали жамият эътиборини бепул ва ихтиёрий донорлик маданиятини ривожлантиришга қаратди. Ҳар бир инсон ўзи топширган қон орқали кимнингдир фарзандини ҳаётга қайтариши, оилага қувонч улашиши мумкинлигини англаб етиши ушбу тадбирнинг энг олий маънавий ва ижтимоий аҳамияти.

Аҳамиятлиси, бу сафарги хайрия акцияси ҳам пойтахтимизда жуда кўтаринки руҳда ва кенг қамровда ўтди. Партия Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан тиббиёт муассасалари ва тажрибали шифокорлар билан ҳамкорликда барча хавфсизлик ва санитария қоидаларига риоя этилган ҳолда донорлик нуқталари ташкил этилди.
Хусусан, донорлик қилиш учун келган юртдошларимиз шифокорлар назоратидан ўтиб, ўз ихтиёрлари билан беғараз қон топ топширди. Иштирокчилар бир овоздан бу каби хайрия тадбирларида қатнашиш ҳар бир соғлом инсоннинг ҳам фуқаролик, ҳам инсонийлик бурчи эканини таъкидлади.
Умуман олганда, “Бор меҳримиз сенга, болажон!” акцияси фақатгина бир кунлик тадбир эмас, балки тиббиёт тизимига ва бемор болажонлар соғлиғига қўшилган катта ҳисса бўлди. Акция давомида бир неча юз литр қон ва унинг компонентлари йиғилди.

Ушбу тўпланган қон захираси махсус лаборатория текширувларидан ўтказилгандан сўнг, қон тизими хасталиклари билан оғриётган, жумладан, лейкемия, анемия ва бошқа жиддий дардларга чалинган болаларни даволаш учун тиббиёт марказларига йўналтирилади. Демак, акция доирасида топширилган ҳар бир томчи қон — ўнлаб, юзлаб болажонларнинг соғайиб кетишига, уларнинг ота-оналари кўзидаги ёшлар ўрнини қувонч эгаллашига хизмат қилади.
Бундан ташқари, тадбирнинг билвосита натижаси сифатида жамиятда, айниқса ёшлар орасида беғараз донорлик ҳаракатига бўлган қизиқиш ва ижобий ёндашув яна бир поғонага юксалди. Кўплаб кўнгиллилар бундан кейин ҳам доимий равишда донорлик қилиб туришга ваъда берди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан пойтахтимизда ташкил этилган ушбу тадбирлар “Инсон қадри учун” тамойили шунчаки шиор эмас, балки реал ҳаётда ўз аксини топаётган амалий иш эканини яна бир бор исботлади. Болалар — бизнинг келажагимиз, уларнинг соғлом ва бахтли улғайиши учун қайғуриш эса барчамизнинг умумий вазифамиздир.
ЎзА