“Адолат” СДП: “Пойтахтга автотураргоҳлар керак, аммо яшил ҳудудлар эвазига эмас!”
Ижтимоий тармоқлар ва очиқ манбаларда Тошкент шаҳри марказида, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортида жойлашган қарийб 1,3 гектар ҳудудда давлат-хусусий шериклик асосида автотураргоҳ ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. “Пойтахт инфратузилмасини ривожлантириш мавжуд яшил ва жамоат ҳудудларини қисқартириш ҳисобига амалга оширилмаслиги керак!” “Адолат” СДП ушбу масалага ана шундай муносабат билдирмоқда. Бу ҳақда партия Матбуот хизмати маълум қилди.
Партия муносабатида келтирилишича, лойиҳанинг аниқ чегаралари, ер участкасининг ҳуқуқий мақоми, автотураргоҳ учун ажратиладиган майдон ҳамда мавжуд яшил ҳудуднинг қанча қисми сақлаб қолиниши ҳақидаги тўлиқ ва тасдиқланган маълумотлар жамоатчиликка очиқ тақдим этилмаган.
“Агар тарқалаётган маълумотлар тасдиқланса ва мавжуд яшил ҳудуднинг бир қисми автотураргоҳ учун ажратилиши назарда тутилган бўлса, бу жиддий саволларни келтириб чиқаради.
Партия масалага олдиндан салбий муносабатда бўлиш тарафдори эмас. Бироқ, позициямиз аниқ: мавжуд яшил ҳудудни аввал қисқартириб, кейин уни “ободонлаштириш” деб тақдим этишга йўл қўйиб бўлмайди.
Қонунчиликка мувофиқ истироҳат боғлари, хиёбонлар ва сайилгоҳларни, шунингдек, улардаги дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича ҳуқуқий кафолатлар кучайтирилган. Қонунда давлат мулки бўлган ва аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ҳамда дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни муҳофаза қилишга қаратилган қатор чекловлар белгиланган.
“Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида ҳам истироҳат боғлари, сайилгоҳлар ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни сақлаб қолиш, уларнинг ҳудудларини сотиш, хусусийлаштириш ёки бегоналаштиришга йўл қўймаслик позицияси белгиланган. Шу боис, партия учун масаланинг принципиал жиҳати битта: шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш мавжуд яшил ва жамоат ҳудудларини қисқартириш ҳисобига амалга оширилмаслиги керак.
Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш зарур. Аммо бу каби чоралар мавжуд хиёбонлар ва аҳоли фойдаланаётган яшил ҳудудлар манфаати билан тўқнаш келганда, жамоат манфаати, экологик барқарорлик ва қонун талаблари устувор бўлиши лозим.
Шу муносабат билан “Адолат” СДП тегишли ваколатли органлар мазкур масала бўйича жамоатчиликка аниқ ва тўлиқ маълумот бериши муҳим, деб ҳисоблайди. Хусусан, 1,3 гектар ер участкасининг ҳуқуқий мақоми, лойиҳанинг аниқ схемаси, автотураргоҳ учун ажратилиши режалаштирилаётган майдон, мавжуд ва лойиҳадан кейин сақланадиган яшил ҳудуд ҳажми ҳамда дарахтлар ҳолати очиқ кўрсатилиши зарур.
Агар тарқалаётган маълумотларда ноаниқлик мавжуд бўлса ёки лойиҳа амалда яшил ҳудудни қисқартиришни умуман назарда тутмаса, бу ҳам расмий маълумотлар ва лойиҳа ҳужжатлари билан жамоатчиликка очиқ тушунтирилиши мақсадга мувофиқ. Пойтахтга автотураргоҳлар керак, аммо яшил ҳудудлар эвазига эмас”, дейилади “Адолат” СДПнинг расмий муносабатида.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА