Адолат ҳар бир инсон учун
Тошкент вилояти Оққўрғон туманида “Адолат ҳар бир инсон учун“ шиори остида хайрия тадбири бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти Оққўрғон туманида “Адолат ҳар бир инсон учун“ шиори остида хайрия тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан 78-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатда “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда партиянинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ногиронлиги бўлган болаларга эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш, уларнинг ҳаётга бўлган иштиёқини ошириш, шунингдек, кенг жамоатчилик ўртасида партия ғояларининг мазмун-моҳиятини ёйиш, интернат тарбияланувчиларининг бўш вақтини мазмунли ўтказишга эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Келажак авлоднинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етиши, уларни турли зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, миллий, умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ҳар бир ўғил-қизнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, фаоллигини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, замонавий билимга эга, ташаббускор ёшлар сафини кенгайтириш ҳамда эл-юрт манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, бу йўлда етарли шарт-шароит яратиш партиянинг мақсадларидан саналади.
– Бугунги кунда интернатимизда 240 дан зиёд имконияти чекланган ўғил-қиз тарбияланмоқда, – дейди 78-сонли мактаб-интернат директори Гулсара Саидумарова. – Уларнинг кўпчилиги вилоятнинг турли ҳудудларидан. Педагогик жамоамиз 56 нафар олий маълумотли ўқитувчи ва 40 нафар тарбиячидан иборат. Ўқувчиларимиз рус ва ўзбек синфларига бўлинган ҳолда таълим олишади. Муассасамизда 14 та турли тўгарак ташкил этилган бўлиб, унда фарзандларимиз бўш вақтларини мазмунли ўтказиш билан бирга ўзларидаги бор қобилиятини ривожлантириш ва намойиш этиш имконига эга. Айтиш жоизки, бизнинг муассаса “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгашининг доимий эътиборида. Партия фаоллари томонидан болажонларимизни моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган бу каби хайрия тадбирлари мунтазам ташкил этилади.
Тадбир интернат тарбияланувчиларида яхши таассурот қолдирди. Айниқса, ҳаваскор актёрларнинг турли эртак қаҳрамонлари образидаги чиқишлари ўқувчиларга қувонч бағишлади. Бу каби тадбирлар уларнинг маънавий ва руҳий ривожига ижобий таъсир этиши, шубҳасиз.
Хайрия тадбирида партия фаоллари интернатда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаб, муҳокама этди. Шунингдек, синф хоналари, дарс жараёнларини кузатиб, ўқувчилар билан самимий суҳбатда бўлди.
Тадбир доирасида тарбияланувчилар учун дастурхон ёзилиб, тарбияланувчиларга кундалик эҳтиёжи учун зарур буюмлар совға қилинди.