Адлия ходимлари диктант ёзди
Сирдарё вилоят адлия бошқармасида тизим ходимларининг давлат тилида саводли ёзиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, имло қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш мақсадида «Умуммиллий диктант» лойиҳаси доирасида «Она тили — миллат кўзгуси» мавзусида диктант ўтказилди.
Мазкур тадбир ходимларнинг давлат тилида саводли ёзиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, ўзбек тилининг имло ва услуб қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, шунингдек, иш юритиш жараёнида давлат тилининг меъёрларига амал қилиш муҳимлигини янада чуқур англашга хизмат қилди.

Диктант давомида иштирокчилар ўзларининг ёзма саводхонлиги, имло қоидаларини билиши ва фикрни давлат тилида тўғри, аниқ ҳамда равон ифодалаш маҳоратини синовдан ўтказдилар. Бундай синовлар нафақат билим ва кўникмаларни баҳолаш, балки кундалик фаолиятда учраши мумкин бўлган имловий хатоларни аниқлаш, улар устида ишлаш ва ўз устида мунтазам ишлашга ундаши билан ҳам аҳамиятлидир.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Дилноза Умрзоқованинг таъкидлашича, бундай ташаббуслар ходимларнинг давлат тилига бўлган муносабатини янада мустаҳкамлаш, касбий фаолиятда саводхонлик ва масъулиятни оширишда муҳим ўрин тутади.

— Она тилига ҳурмат, аввало, уни тўғри ва равон қўллашдан бошланади. Айниқса, адлия тизими ходимлари учун давлат тилида саводли ёзиш, ҳужжатларни имло ва услуб қоидаларига мувофиқ расмийлаштириш жуда муҳим. Чунки ҳар бир ҳужжатдаги сўзнинг аниқлиги ва мазмуннинг равонлиги иш юритиш сифатига бевосита таъсир кўрсатади. “Умуммиллий диктант” каби тадбирлар билимларимизни мустаҳкамлаш, хатоларимиз устида ишлаш ва она тилимизга бўлган эҳтиромимизни амалда намоён этиш учун яхши имкониятдир, — дейди Дилноза Умрзоқова.

Дарҳақиқат, давлат тилига эътибор фақат муайян тадбирлар билан чекланиб қолмаслиги, балки кундалик мулоқот, хизмат ёзишмалари ва расмий ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида ҳам намоён бўлиши лозим. Зеро, саводли ёзилган ҳар бир ҳужжат, тўғри қўлланган ҳар бир сўз давлат тилига бўлган ҳурматнинг амалий ифодасидир.

Сирдарё вилоят адлия бошқармасида ўтказилган мазкур диктант ҳам ходимларнинг тил саводхонлигини ошириш, давлат тилида иш юритиш маданиятини юксалтириш ва она тилимизнинг жамият ҳаётидаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири