Адлия вазирлиги томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Адлия вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда жорий йил биринчи ярим йиллиги якунлари сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгиланди.
Таъкидланганидек, “Сифатли давлат бошқаруви” дастури доирасида 41 давлат органи орасида Адлия вазирлиги “Намунали вазирлик” деб эътироф этилди.
Ҳисобот даврида 840 норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат ҳисобига олинди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга кўп.
Давлат рўйхатидан ўтказилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони 1,5 баравар ошиб, 301 тага етди.
1,7 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилиб, 229 коррупциявий омил аниқланди.
Мажбурий талаблар реестри доирасида 42 мингта мажбурий талаб қайта кўриб чиқилмоқда. 40 та давлат хизмати соддалаштирилди. Натижада композит давлат хизматлари сони 128 тага, проактив хизматлар эса 33 тага етказилди.

Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сони 75 тага оширилиб, 592 тани ташкил этди.
Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома эндиликда 100 фоиз автоматик, ходим иштирокисиз онлайн расмийлаштирилмоқда.
Онлайн расмийлаштирилган нотариал ҳаракатлар сони 4 баравар ошиб, 463 мингдан ортиқни ташкил этди. Медиация келишувлари сони ҳам 4 баравар ошиб, 18 мингдан ортиқ расмийлаштирилди.
“E-notarius” ахборот тизимининг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграцияси 95 фоизга етказилди. Давлат ҳисобидан кўрсатилаётган бепул юридик ёрдам ҳажми йилига 80 минг хизматга етди.

Ҳар 100 минг аҳолига тўғри келадиган адвокатлар сони 14 нафардан 20 нафарга ошди.
Юридик хизмат марказлари томонидан давлат ташкилотларининг 4,3 миллион ҳужжат лойиҳасига ҳуқуқий хулоса берилди. Бунда хулоса бериш муддати 46 соатдан 2 соатгача қисқартирилди.
Рўйхатдан ўтказилган интеллектуал мулк объектлари сони 1,5 баравар ошиб, 15 мингдан ортиқни, ҳуқуқий ҳимояси таъминланган объектлар сони эса 2 баравар ошиб, 3,1 мингтани ташкил этди.
Бюрократик босқичларни қисқартириш ҳисобига вазирликнинг ички жараёнларидаги вақт сарфи 45 фоизга оптималлаштирилди. Ижро интизоми 99,59 фоизни ташкил этди.
Мажлисда йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА