Адлия вазирлиги қайси ташкилотга энг кўп тақдимнома киритди?
Ҳуқуқий таъсир чоралари ичида тақдимномалар муҳим ўрин тутади. Ўрганишлар давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан киритиладиган тақдимномалар натижасида хато ва камчиликлар бартараф этилади.
Адлия вазирлиги деярли барча соҳаларда қонунийликка риоя этилиши бўйича ўрганишлар ўтказиб боради. Ўрганиш натижалари бўйича аниқланган камчиликлар бўйича эса тақдимномалар киритади.
Айтиш мумкинки, мазкур вазирлик ва унинг қуйи бўғинлари энг кўп тақдимнома киритадиган тузилмадир.
2021 йил давомида адлия органлари томонидан қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича 24,8 мингта тақдимнома киритилди.
Шундан энг кўпи - таълим муассасаларига 8 минг 232, ҳокимликларга 2 минг 633 та киритилган.
Соғлиқни сақлаш муассасаларига 1 минг 492, бандлик ва меҳнат муносабатлари идораларига 919, кадастр агентлиги ташкилотларига 654 тақдимнома киритилган.
Мисол учун, Адлия вазирлиги тизимидаги Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан республикадаги 9 минг 758 та давлат ўрта таълим мактабларидаги кадрлар хизмати ходимларига ойлик маош тўлаш амалиёти ўрганилди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, олий маълумотли ходимларнинг лавозим разрядлари – 7-разряд, олий маълумотли бўлмаган ходимларнинг лавозим разрядлари – 6-разряд этиб белгиланган.
Бироқ, ўрганиш давомида аксарият туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари томонидан мактаблардаги кадрлар бўлими ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари паст белгилангани аниқланди.
Хусусан, 160 ҳолатда 2-разряд, 1 минг 353 ҳолатда 3-разряд, 48 ҳолатда 4-разряд, 4 минг ҳолатда 5-разряд, 4 минг 160 ҳолатда 6-разряд ва 216 та ҳолатда 7-разряд этиб белгиланган.
Қонунчиликка зид равишда паст разряд бўйича иш ҳақи тўланиш ҳолатлари юзасидан ҳудудий адлия органлари томонидан 1 минг 832 тақдимнома киритилиб, 6 минг 38 нафар ходимнинг лавозим разрядини мувофиқлаштириш сўралди.
Қонунчилик талабларига зид равишда ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари асоссиз пасайтирилиши оқибатида ойлик маош 16 миллиард сўм кам тўланган.
Ҳозирда ҳудудий адлия органлари томонидан судларга тегишли даъво аризалари киритилиб, кам ҳисобланган ойлик маошларини тўлатиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Кўрилган чоралар натижасида 3 миллиард сўм тўлаб берилди ва қолган қисмини ҳам ундириш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, фуқаро A.Ҳамидов Россиянинг Псков давлат университети тарих факультетини бакалавр босқичини 2018 йилда тамомлаганини, лекин бу Ўзбекистонда тан олинмаётгани бўйича Адлия вазирлигига мурожаат қилган.
Мурожаат бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдимнома киритилган ва натижасида фуқаронинг хорижда ўқиганлик дипломи тан олинди.
Бундан ташқари, фуқаро Т.Мамасолиев икки ойдан буён ишсизлик нафақаси тўланмаётгани тўғрисида мурожаат қилган. Ўрганиш давомида, Андижон вилоятида ишсизлик нафақаси бўйича жами 1,3 миллиард сўм қарздорлик мавжудлиги аниқланган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига киритилган тақдимнома натижасида Молия вазирлиги томонидан қўшимча маблағ ажратилиши ҳисобига ишсизлик нафақаси бўйича қарздорликлар бартараф этилган.
Тақдимномалар натижасида 9,2 минг нафар шахслар маъмурий, 15,7 минг нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 733 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Норгул Абдураимова, ЎзА