Адлия органлари фаолияти таҳлил қилинди
Тошкент вилояти адлия бошқармасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда аҳолига кўрсатилган ҳуқуқий хизматлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда қайд этилганидек, ҳисобот даврида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат хизматлари сифатини ошириш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини кучайтириш ҳамда қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Адлия органларига келиб тушган 4 минг 318 та мурожаатнинг 95,2 фоизи ҳал этилди. Шундан 2 минг 805 та мурожаат қаноатлантирилди, 1 минг 309 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Қонунчилик ижросини таъминлаш мақсадида 697 та мониторинг ва 173 та ўрганиш ўтказилди. Натижада 1 минг 203 та тақдимнома киритилди, судларга умумий қиймати 11,7 миллиард сўмлик 298 та даъво аризаси тақдим этилди ҳамда 188 та маъмурий материал расмийлаштирилди. Шунингдек, “Ijro.gov.uz” тизими орқали 326 та ҳолат бўйича жойига чиққан ҳолда мониторинглар амалга оширилди. Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилиб, 28 та таклиф ишлаб чиқилди ва ваколатли вазирлик томонидан инобатга олинди. “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун ижроси доирасида 160 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. 5 минг 788 та объект бўйича ижобий хулоса берилди ва 4 минг 260 тасига нисбатан мулк ҳуқуқлари эътироф этилди.

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан 1 минг 831 та давлат ташкилотига ҳуқуқий хизмат кўрсатилди. Ҳисобот даврида 412 минг 717 та ҳуқуқий ҳужжат экспертизадан ўтказилиб, 350 минг 847 тасига ижобий хулоса берилди. Суд ишлари натижасида давлат ташкилотлари фойдасига 545 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилди.
Давлат хизматлари марказлари томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 1 миллион 733 минг 156 та давлат хизмати кўрсатилди. Шундан 1 миллион 349 мингдан ортиғи онлайн тарзда амалга оширилди. Шунингдек, чекка ҳудудларда 36 мингдан ортиқ сайёр давлат хизмати кўрсатилди. ФҲДЁ органлари томонидан 29 минг 978 та туғилиш, 6 минг 772 та никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилди.
Давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат тадбирлари давомида 4 минг 700 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, ваколатли ташкилотларга 48 та огоҳнома ва 10 та тақдимнома киритилди ҳамда 154 нафар шахсга нисбатан маъмурий таъсир чоралари қўлланилди.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди.
А.Мусаев,ЎзА.