Адлия кўмагида 34 йиллик пуллик компенсация ундирилди
Сирдарё вилояти Боёвут туманида яшовчи К.Усмонов ҳуқуқий маслаҳат сўраб Боёвут тумани адлия бўлимига боради. Гап шундаки, К.Усмонов 1986-2021 йиллар давомида Боёвут тумани 31-умумтаълим мактабида директор ўринбосари лавозимида ишлаган. Маълум сабабларга кўра у фаолияти давомида атиги 3 маротаба меҳнат таътилига чиққан.
Боёвут туман халқ таълими бўлими мудирининг 2021 йил 30 июлдаги тегишли буйруғига асосан К. Усмонов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бироқ бир неча бор халқ таълими бўлимига мурожаат қилишига қарамай, турли баҳоналар билан собиқ ходимга тўланиши лозим бўлган фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаб берилмаган.
Қонуний ҳақ-ҳуқуқлари бузилаётганидан норози бўлган фуқаронинг мурожаати Боёвут тумани адлия бўлими ходимлари томонидан ўрганилди. Халқ таълими бўлими масъул ходимларининг амалдаги қонунчиликдан етарлича хабардор эмаслиги, ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошгани маълум бўлди.
Меҳнат кодексининг 151-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланиши белгиланган.
Ўрганишлар натижасига кўра, адлия бўлими томонидан Боёвут тумани халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилиб собиқ директор ўринбосарига 34 йиллик фойдаланилмаган таътиллар учун 38 миллион 952 минг сўм миқдорида компенсация ундириб берилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА