Адлия эшиклари барча учун очиқ...
Термиз шаҳридаги Матбуот уйида вилоят адлия бошқармаси ва унинг қуйи тизимида жорий йилнинг 9 ойида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Қайд этилдики, ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 6 минг 907 та мурожаатнинг 6 минг 203 таси ҳал этилиб, шундан 3 минг 889 таси ёки 62.7 фоизи қаноатлантирилган. 2 минг 307 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 5 таси рад этилган. Бошқарманинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 253 мурожаатнинг 221 таси ҳал этилиб, шундан 140 тасига ҳуқуқий тушунча берилган. Биттаси рад қилиниб, 13 таси ваколатли органларга юборилган, 80 таси ёки 36.2 фоизи қаноатлантирилган.

– Кейинги йилларда адлия органлари эшикларининг оддий одамлар учун янада кенгроқ очилиб, ваколатлари кенгайтирилгани, очиқ, ошкора фаолият юритаётгани жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва мурожаатчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда, – деди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аброр Раҳматов.– Жумладан, йилнинг ўтган даврида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги 288 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти юзасидан ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар натижаси бўйича 120 та тақдимнома киритилди. Натижада 13 та маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив тусдаги қарорлари бекор қилиниб, 450 дан ортиқ қарор қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилди. Қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда амалиётда мавжуд муаммоли ҳолатларни бартараф этиш юзасидан 565 та таклиф ишлаб чиқилди.

Ҳисобот даврида бошқарма ва унинг тизимидаги органлар ходимлари 1 минг 314 та ташкилот ва муассасада 899 та ўрганиш, 1 минг 237 та мониторинг ўтказиб, 45 минг 159 та қонун бузилиш ҳолатини аниқлади. Уларни бартараф этиш юзасидан 4 минг 624 тақдимнома, 675 маъмурий жавобгарликка, 7 та жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида таклиф киритилди. 5 минг 255 та огоҳлантириш берилди. Қонун бузилишлар бўйича 1 минг 981 шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 69 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. 520 нафар шахсга маъмурий жавобгарлик белгиланди. 7 минг 252 та ноқонуний ҳужжат бекор қилинди. Қарийб 40 миллиард сўм маблағ қонуний эгаларига қайтарилди. Судларга киритилган 25 миллиард 117 миллион сўмлик 1 минг 697 даъво аризасининг 21 миллиард сўмлик 1 минг 648 таси қаноатлантирилди. Шу йилнинг биргина учинчи чорагида туман ва шаҳар юридик хизмат кўрсатиш марказларига тегишли қарор билан белгиланган давлат органлари ва ташкилотларидан 185 минг 513 та ҳужжат “Э-ҳуқуқшунос” электрон тизим орқали келиб тушган. Шундан 133 минг 169 таси буйруқ ва 52 минг 444 таси шартномалардир. Ушбу ҳужжатларнинг 181 минг 991 тасига ижобий, 441 тасига қонунчилик ҳужжатларига зидлиги учун салбий хулоса берилган. 2 минг 737 ҳужжат қайта кўриб чиқиш учун рад этилган.

Воҳада 60 минг 82 та ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 115 тага кўп туғилиш ҳолати қайд этилган. 16 минг 939 та никоҳ қайд этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 157 тага камайган. Никоҳдан ажраш ҳолатлари 411 га ошиб, 2 минг 75 тани ташкил этган. Ўлимлар сони 331 тага камайган ёки 10 минг 693 та ўлим қайд этилган. Ёлғиз оналикни белгилаш 1 минг 67 та, оталикни белгилаш 3 минг 466 тани ташкил этган. 304 ҳолатда фарзандликка олиш, 477 ҳолатда исм-шариф ёки ота исмини ўзгартириш, 1 минг 459 та далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги мурожаатлар ўз ечимини топган.
Матбуот анжуманида давлат хизматлари кўрсатиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишларида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири