Адлия аралашгач, пенсия суммаси оширилди
Навоий вилояти Қизилтепа тумани “Сўфиён” маҳалласида истиқомат қилувчи Гулбаҳор ая Боқиева 4 фарзанднинг онаси, 7 набиранинг бувиси. Қизилтепа туман тиббиёт бирлашмасида, узоқ йиллар Алишер Навоий жамоа хўжалигида ишлаган. Мазкур даврларда иш ҳақи тўланганлиги тўғрисида маълумотлар архивга тақдим этилмаганлиги сабабли иш стажига қўшилмаган.
– Пенсияга чиқдим, энди ҳордиқ чиқараман, меҳнатимни роҳатини кўраман, деб турганимда пенсия пулим жуда кам чиқди, – дейди Г.Боқиева. – Тўғриси, кайфиятим тушиб кетди. Кейин қўшнимнинг маслаҳати билан туман адлия бўлимига мурожаат қилдим. Барака топсин адлия ходимлари мени ортиқча овора қилмади. Ўзлари ҳужжатларимни йиғиб, фақат судда иштирок этдим, холос.
– “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлиши, қонуннинг 8-моддасида эса пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланиши белгиланган, – дейди Қизилтепа тумани адлия бўлими бошлиғи Абдували Асадов.
– Шунингдек, қонуннинг 27-моддасида пенсия тайинлашда талаб этиладиганидан ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун ёшга доир пенсия ёшга доир пенсияларни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида оширилиши белгиланган.
Туман адлия бўлими аралашуви натижасида Г.Боқиеванинг пенсияга чиқишида архивдан топилмаган ҳужжатлари суд қарори билан қайта тикланиб, унинг пенсия суммаси тегишли тартибда оширилишига эришилди.
А.Бўриев, ЎзА