Aдл ила олам юзин обод қил…
Aлишер Навоий адолат масаласини шеърларида ҳам, достонларида ҳам, тарихий ва дидактик асарларида ҳам давлат ва жамият учун, кишиларнинг фаровон яшаши учун, подшоҳу амалдорларнинг ҳар икки дунёси учун зарур бўладиган, Тангри таоло томонидан яратиқларнинг гултожи инсонни шарафлантирадиган фазилат сифатида куйлади. Зеро, адолат Навоий ижодининг асосий манбаси – ислом динида ҳам инсониятнинг яшаб қолиши учун жуда зарур бўладиган фазилат сифатида баҳоланади.
Шоир асарларида адолат мавзуси фонида подшоҳ қандай бўлиши зарурлиги, шахс ва мамлакат ҳукмдори сифатида қандай хислат-фазилатларга эга ва айни замонда, қандай нуқсонлардан холи бўлиши ҳақида баҳс юритади. Бу масалани ғазалларида, «Хамса» достонларида, айниқса, «Садди Искандарий»да Навоий шоир сифатида бадиий образлар воситасида қаламга олган бўлса, “Ҳайрат ул-аброр” ва “Маҳбуб ул-қулуб”да давлат ва жамоат арбоби, йирик мутафаккир сифатида мантиқий хулосалар ва фалсафий мушоҳадалар билан бойитган. «Ҳайрат ул-аброр»да одил шоҳ идеали золим, зўравон, маиший бузуқ ҳукмдорни аёвсиз қоралаш ва қатъий инкор қилиш орқали тарғиб этилади.
Ҳайрат ул аброр достонида шоир 20 дан ортиқ инсоний фазилат-у иллатлар ҳақида фикр юритган. Унинг 3-мақолати Салотин яъни султонлар бобида. Ундан сўнг шоир Шоҳ Ғозий ҳикоятини келтиради. Aлишер Навоий унда ўзининг жамият ва унинг бошқаруви (султон, шоҳ) тўғрисидаги ижтимоий-сиёсий қарашларини ифода этади. Шунинг билан бирга бошқарув бошлиғи – шоҳ, султоннинг қандай фазилатлар соҳиби бўлмоғи лозимлигига ҳам эътиборни қаратиб, подшоҳга қарата шариатда белгилангандек, адолатни шиор қилишни, шу билан мамлакатга мадор бўлишни таъкидлайди. Подшоҳ, дейди Aлишер Навоий – ишини адолат билан бажарса, вайрон мамлакат ҳам обод бўлади. Кофир бўлса ҳам адолатли бўлса, мулкини обод этади, аммо мўмин бўлса-ю золим бўлса уни барбод этади:
Шаҳки иши адл ила бунёд этар,
Aдл бузуқ мулкни обод этар.
Кофири одил ани обод этиб,
Мўмини золим ани барбод этиб.
Шаҳки, эрур адл ила даврон анга,
Бўлди сирот ўтмаги осон анга.
Сарой ҳаётидан яхши хабардор бўлган шоир давлат ва жамиятнинг, айни халқнинг адолатли подшоҳга нақадар муҳтож эканлигини яхши тушунган. Темурий шаҳзодалар ўртасидаги очиқ-яширин курашларни кузатган шоир истар-истамас бундай курашларга бевосита аралашган ҳам. Бунга биргина Ҳусайн Бойқаро билан валиаҳд ўғли Бадиуззамон Мирзо ўртасида бир неча бор кўтарилган ўзаро низо ва курашларга барҳам беришга астойдил ҳаракат қилганлигини мисол қилиб келтириш мумкин. Навоий ижодида халқпарвар ҳукмдор ва тожу тахтга лойиқ валиаҳд муаммосининг, ўзаро тотув шоҳ ва шаҳзода мавзуининг ишланиши ҳам, аслида, ана шу амалий фаолиятнинг ўзига хос кўриниши бўлган. Буни “Фарҳод ва Ширин” достонининг бош қаҳрамони Фарҳод ва отаси, “Садди Искандарий” достонида Искандар ва отаси тимсоллари воситасида бадиий гавдалантирган. Бу ҳам подшоҳ, ҳам валиаҳдга ҳақиқий ҳукмдор қандай бўлиши кераклиги ҳақида уқтириш бўлган деб айтишимиз мумкин.
“Муншаот” да “Aммо бировниким, Тенгри таоло бир сурук бандалари устига ҳоким қилди — анга ҳеч амр итоати адлча бўлмас ва ҳеч наҳйдин ижтиноб чоғир таркича бўлмас”, – дейди. Яъни, Тангри таоло кимнидир бир гуруҳ бандалари устига ҳоким қилиб қўйган бўлса, унга Ўзининг амри - адолат, қайтариши эса ичкилик таркича бўлмас. Яна ушбу асарда султонлар қиёматда адолатдан сўралишини, подшоҳ барча халойиқдан воқиф бўлиб, улардан бирига ҳам зулм қилмаганлигини Аллоҳ таоло сўраши ҳақида саҳиҳ ҳадис бор дейилади.
Адолат мавзуси «Маҳбуб ул-қулуб»да янада бўртиб кўринади. Шоир одил подшоҳга бағишлаган биринчи фаслни шундай бошлайди.
«Одилу оқил подшоҳ ибодуллоҳга зиллиллоҳ… Одил подшоҳ Ҳақдин халойиққа раҳматдур ва мамоликка мужиби амният ва рафоҳият…». Уларнинг шарофати билан мамлакатдаги ҳамма соҳа ўз йўриғида боради. Халқнинг тинчлиги, ўғрининг пайи қирқилгани, ундан эл омондалиги, мактабларда, мадрасаю масжидларда фаолиятнинг аслича давом этиши унинг адолатидан. Фаслнинг давомида подшоҳнинг одиллиги туфайли мамлакатда ҳар жиҳатдан ободонлик, тинчлик-осойишталик, фаровонлик бўлажаги ниҳоят кўтаринки руҳда баён этилиб, охирида замон подшоҳи Султон Ҳусайн Бойқаро ана шундай фазилатларга эга деган мазмундаги маснавий келтирилиб, у шундай якунланади:
Келиб айни инсону инсони айн,
Жаҳон вориси Шоҳ Султон Ҳусайн.
Ки то бўлса гардунға давворлиқ,
Aнга боқий ўлсун жаҳондорлиқ.
Халойиққа бу шаҳдин ўлсун нишот,
Даме бўлмасун холи андин бисот.
“Маҳбуб ул-қулуб”да ҳам, “Муншаот”да ҳам “Бир соатлик адолат икки дунё (инсонлар ва жинлар дунёси) ибодатидан яхшироқ” ҳадисини келтириб, адолатнинг мақоми қай даражада улуғ эканлигини таъкидлайди шоир. Aлишер Навоий тили золим, жоҳил, фисқу фасодчи подшоҳлар ҳақидаги тўртинчи фаслда ўткир тиғ каби жаранглайди. ни шундай якунлайди:
«Тенгри мундоқ балоларни Aдам чоҳидин вужуд тахтгоҳиға келтурмасун ва йўқлуқ зиндонидин борлиқ шаҳристониға еткурмасун».
Ҳасанова Машхура Жумановна
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети
мумтоз адабиёт тарихи кафедраси
катта ўқитувчиси, филология фанлари
бўйича фалсафа доктори