Адиблар хиёбонидан Сирдарёга
Мамлакатимизда бугун бадиий адабиёт тарғиботи, китобхонликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда бугун бадиий адабиёт тарғиботи, китобхонликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари янгидан барпо этилган Адиблар хиёбони ва Тошкент тарихи музейининг очилишида бир гуруҳ ижодкор зиёлилар билан учрашиб, “Адабиёт – халқнинг юрагидир” дея таъкидлаганди.
Адиблар хиёбонининг бугунги ниҳоятда нафис, гўзал ва айни пайтда муҳташам кўриниши давлатимизнинг миллий адабиётга бўлган муносабатининг ёрқин намунасидир. Мумтоз адабиётимизнинг улуғ вакиллари сиймоси бир гулшанга жамланиб, меъморчиликнинг бетакрор бадиий мажмуаси яратилгани ҳамда шу пайтгача эътибордан четда бўлган жадид адабиёти намояндаларига ҳайкал ўрнатилиши ижтимоий-маънавий ҳаётимизда улкан воқеа бўлди. Президентимизнинг Адиблар хиёбонидаги нутқидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Сирдарё вилоятига 6000 китоб” акциясини амалга оширди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан нашр этилган 6000 нусха китоб юкланган микроавтобус ва машиналар карвони Тошкентдаги Адиблар хиёбонидан Сирдарё вилоятига жўнаб кетди.
Адиблар хиёбонидан келган китоб карвонини Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби олдида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, Олий ва Халқ таълими вазирликлари ходимлари ва бир гуруҳ ижодкор зиёлилар кутиб олди.
Тадбир Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ҳайкалига гул қўйиш маросими билан бошланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиб, бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз томонидан адабиёт, бадиий ижод ва китобхонликни ривожлантиришга кўрсатилаётган юксак эътибор ҳақида гапирди. Зотан, “Ижод” жамоат фонди томонидан ёш китобхонларга ҳадя этилаётган, кўп нусхада нашр этилган “Сайхун саболари” ва “Сирдарё мавжлари” китоблари Сирдарёда яшаб ижод қилаётган истеъдодли шоирлар, ёзувчиларнинг энг сара асарларидан таркиб топган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан биринчи китоблари чоп этилаётган ёш ижодкорлар орасида сирдарёлик истеъдодли ёшлар ҳам бор. Яқинда сирдарёлик уч нафар фаол ижодкор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Миртемир домланинг назари тушган Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердиева карвонбошилик қилган Сирдарё адабий муҳитининг адабиётимизни ривожлантиришдаги ўрни барчамизга яхши маълум.
Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Носиров Адиблар хиёбонидан Сирдарёга келтирилган бебаҳо туҳфа – бадиий китоблар учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ижодий ишларига муваффақият тилади.
Ёзувчилар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори, шоир Муҳаммад Исмоил, “Ижод” жамоат фонди ижрочи директори Шерзод Ирзоев ва бошқалар китоб мутолаасини ривожлантириш, ёшларнинг маънавий камолотини таъминлашнинг асосий омиллари ҳақида гапирди.
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари Севинч Саидова, Зулҳаё Мингбоева, Отабек Бурҳонов, Одина Йўлчиева, Гулбаҳор Ёрқинова Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга эҳтиром мавзусидаги шеърлардан намуналар ўқиди.
Рустам МУСУРМОН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.