Адиблар хиёбони – маърифат маскани
Сирдарёликлар дастлаб Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиб, элимизнинг буюк шоирига эҳтиром кўрсатди.
Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ўқитувчи ва ижодкор ёшлари пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонини зиёрат қилди.
Сирдарёликлар дастлаб Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиб, элимизнинг буюк шоирига эҳтиром кўрсатди.
– Адиблар хиёбони мажмуасининг очилиши чин маънода адабиёт байрамига айланди, – дейди Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори, шоир Муҳаммад Исмоил. – Бу маскан бугунги кунда адабиётни севган, ўзининг ўтмиши, тарихи билан ғурурланадиган ҳар бир ватандошимизнинг севимли масканига айланмоқда. Шундай сўлим, гўзал ошёнга халқимизнинг буюк фарзандлари ҳайкаллари қўйилиши барчамизни қувонтирди. Бу чин маънода миллатнинг ўтмишига, асл фарзандларига бўлган ҳурмат намунаси бўлди.
Президентимиз айтганларидек, бу маскан мушоиралар ўтказадиган, ижодий мулоқотлар қиладиган, буюк адибларимиз ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўладиган, қалбингизда адабиётга, ижодга, яратувчанликка иштиёқ, меҳр ҳиссини уйғотадиган маскан бўлди. Адиблар хиёбони бугун чиндан адабиёт масканига, маънавият масканига ва маърифат масканига айланиб бормоқда. Буни ҳар бир адабиёт севар, ижодкор қалбан ҳис қила билиши шарт.
Ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари Бобур Мирзо, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф каби адабиётимизда ёрқин из қолдирган буюк адибларимиз пойига ҳам гуллар қўйишди. Ўқувчилар гўё буюк боболари қаршисида тургандек ҳаяжонланиб, ғурурланиб, фахр-ифтихор ҳиссини туйиб, уларнинг шеърларидан намуналарни ифодали ўқидилар.
Ижод мактаби раҳбари, шоир Муҳаммад Исмоил ўқувчиларга ҳар бир адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот бериб, уларнинг ҳаёт йўли, адабиётнинг ривожланишига қўшган муҳим ҳиссаси ҳақида сўзлаб берди.
Бундан ташқари, Адиблар хиёбони ансамблининг юксак меъморий жиҳатдан ўзига хослиги, ҳар бир ижодкорга хос чизгилар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари ёрқин истеъдод соҳибаси, Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева мангу қўним топган масканга ҳам бориб, севимли шоирамиз қабрини зиёрат қилиб, Қуръон тиловат қилинди.
– Ҳалима опамдек буюк шахс дунёга кам келади, – дейди Ҳалима опанинг садоқатли шогирди Муҳаммад Исмоил зиёрат чоғида кўзида ёш билан. – Устоз Ҳалима Худойбердиева нафақат шоира, ижодкор, самимий, қалби пок, юксак инсоний фазилатларга эга ҳақиқий инсон эди. Сиз, азиз ўқувчи ўғил-қизларим у кишига муносиб шогирдлар бўлиб камол топишингиз ҳам қарз, ҳам фарз.
Ўқувчилар ҳам бу зиёратдан таъсирланиб, шундай буюк шахснинг номи берилган мактабда ўқиётганликларидан, ана шундай инсонга муносиб шогирд бўлиш йўлида тинмай изланиб, ижод қилишларини ўз олдиларига мақсад қилиб қўйдилар.
Моҳидил ЗИЯЕВА,
Ҳалима Худойбердиева номидаги
ижод мактаби ўқитувчиси