Адаптив спортни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш, уларнинг жисмоний реабилитациясини кучайтириш ва адаптив спортни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг ўринбосари, Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциацияси раиси Мухторхон Тошхўжаев ва Бош прокурор ўринбосари Исроил Адҳамов раислигида ўтган йиғилиш танқидий-таҳлилий руҳда кечди.

Агентлик ва ассоциациянинг ҳудудий бошқарма масъуллари, Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, спорт федерацияларнинг вакиллари иштирокидаги муҳокамаларда мавжуд муаммолар ва аниқланган камчиликлар кўриб чиқилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шарт-шароитларни кенгайтириш ҳамда жисмоний реабилитация жараёнида адаптив спортнинг ролини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида халқаро ва маҳаллий спорт мусобақаларининг йиллик тақвим режасини ишлаб чиқиш, адаптив спорт йўналишлари бўйича ҳакамларни тайёрлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Т. Рўзиев, ЎзА