Соғлом авлод — буюк келажак пойдевори
Бугунги кунда инсон саломатлиги жамият тараққиётининг энг муҳим мезонларидан бири сифатида қаралмоқда. Зеро, соғлом инсон — фаол инсон. Фаол инсон эса оиласи, жамоаси ва Ватани тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшайди. Шу боис мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оммавий спортни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва оммавий спортни кенг оммалаштиришга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар бугун таълим муассасалари ҳаётида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Бу борада Бухоро давлат педагогика институтида йўлга қўйилаётган ишлар эътиборга молик. Институтда талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда ишчи-ходимлар иштирокида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ва бўш вақтни мазмунли ташкил этишга қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Хусусан, институт бош биноси ҳудудидаги “Ёшлар боғи”да эрталабки бадантарбия машғулотларининг йўлга қўйилгани ана шундай эзгу ташаббусларнинг амалий кўринишидир.
Тонг саҳарда инсон танасига ҳаракат, қалбига эса тетиклик бағишлайди. Эрталабки машқлар оддий жисмоний ҳаракатлар мажмуасигина эмас. У инсонда интизом, ирода ва ўз саломатлигига масъулият ҳиссини шакллантиради.
Институт жамоаси вакилларининг ҳар кунги фаоллиги ҳам ана шу ҳақиқатни намоён этмоқда. Турли жисмоний машқлар бажарилар экан, иштирокчилар нафақат организмни кунлик меҳнат ва ўқув жараёнига тайёрламоқда, балки ўзларида фаол ҳаёт тарзига бўлган эҳтиёжни ҳам шакллантирмоқда. Айниқса, бундай машғулотларнинг очиқ ҳавода, институт ҳудудидаги кўркам “Ёшлар боғи”да ташкил этилаётгани уларнинг аҳамиятини янада оширмоқда.


Табиат қўйнида бажарилган ҳар бир машқ, соф ҳавода олинган ҳар бир нафас, янги кунни кўтаринки кайфиятда бошлаш — буларнинг барчаси инсоннинг нафақат жисмоний, балки руҳий ҳолатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш эрталабки бадантарбия билан чекланиб қолмаяпти. Институтда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спортга кенг жалб қилиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спорт мусобақаларининг очилиш маросими ҳам ўтказилди.
Тадбирни институт ректори Баҳодир Маъмуров очиб берди. Унда талаба-ёшлар билан бир қаторда профессор-ўқитувчилар ва ишчи-ходимларнинг ҳам фаол иштирок этгани алоҳида аҳамиятга эга. Чунки спортда авлодлар ўртасидаги масофа қисқаради. Бу ерда лавозим, ёш ёки касб эмас, ҳаракат, маҳорат, ирода ва интилиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Спорт майдонида талаба ҳам, устоз ҳам бир мақсад сари интилади. Кимдир чаққонлиги билан, яна кимдир матонати ва жамоавий ҳаракати билан ажралиб туради. Аммо мусобақанинг асл ғолиби соғлом муҳитдир.
Мусобақалар давомида иштирокчилар спортнинг турли йўналишларида ўз кучларини синаб, чаққонлик, эпчиллик, жисмоний тайёргарлик, ирода ва жамоавийлик каби муҳим фазилатларини намоён этдилар.


— Институтимизда давлат раҳбарининг ташаббуси билан ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари эрта тонгданоқ соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, жамоада соғлом муҳитни қарор топтириш ҳамда бўш вақтни мазмунли ташкил этишга қаратилган турли тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда, — дейди институтнинг Педагогика ва ижтимоий фанлар факультети ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Зарафшон Жалилов. — Бундай эзгу ташаббуслар, аввало, инсон саломатлигини асраш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Дарҳақиқат, жисмоний фаоллик инсоннинг нафақат танаси, балки руҳий ҳолати ва меҳнат самарадорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Эрталабки бадантарбия ва спорт машғулотларида мунтазам иштирок этиш ходимлар ҳамда талаба-ёшларнинг кунни яхши кайфият, юқори иштиёқ ва тетиклик билан бошлашига замин яратади. Айниқса, кун давомида ақлий меҳнат билан шуғулланадиган профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва талаба-ёшлар учун бундай машғулотларнинг аҳамияти беқиёс. Жисмоний ҳаракатдан сўнг инсон ўзини енгил ва тетик ҳис қилади, иш қобилияти ортади, диққатни жамлаш ва самарали меҳнат қилиш имконияти яхшиланади. Энг муҳими, бу каби тадбирлар ёшлар онгида соғлом ҳаёт тарзига амал қилиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш, ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиш каби муҳим фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади. Зеро, соғлом авлод — юртнинг мустаҳкам таянчи, жисмонан бақувват ва маънан етук инсонлар эса жамият тараққиётининг муҳим омилидир. Шу маънода, институтимизда йўлга қўйилган эрталабки жисмоний машғулотлар оддий спорт тадбири эмас, балки соғлом ва фаол ҳаёт тарзини кундалик одатга айлантиришга қаратилган эзгу ташаббус сифатида жамоа аъзолари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Энг муҳими, бундай беллашувлар ёшларга ўз имкониятларини англаш, қобилиятларини синовдан ўтказиш, мақсад сари интилиш ва мағлубиятдан тўғри хулоса чиқаришни ўргатади.
Аслида, спортнинг тарбиявий аҳамияти унинг мусобақа натижаси билан ўлчанмайди. Спорт инсонни интизомга ўргатади. Интизом эса муваффақиятнинг биринчи шартидир. Мунтазам машғулот инсонда сабр-тоқатни шакллантиради. Жамоавий ўйинлар ҳамжиҳатликни кучайтиради. Ғалаба масъулиятни оширади, мағлубият эса янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди. Шу маънода Бухоро давлат педагогика институтида ташкил этилаётган спорт тадбирларига фақат жисмоний тарбия машғулоти сифатида қараш тўғри эмас. Бу жараён ёш авлодни ҳаётга тайёрлашнинг ўзига хос тарбия мактабидир.


Бугун спорт билан шуғулланган талаба эртага ўз касбига ҳам масъулият билан ёндашади. Бугун жамоаси учун ҳаракат қилган ёш эртага жамият манфаатини ҳам шахсий манфаатидан устун қўйишни ўрганади.
Шу жиҳатдан қараганда, соғлом турмуш тарзи — шунчаки мода ёки муайян давр талаби эмас. У инсоннинг кундалик ҳаёт маданиятига айланиши керак. Педагогика институтидаги бу жараённинг яна бир муҳим жиҳати бор. Зеро, бугунги талаба — эртанги ўқитувчи. У келажак авлодга нафақат билим, балки ҳаёт тарзини ҳам ўргатади. Ўз саломатлигига масъулият билан қарайдиган, спортни қадрлайдиган, фаол ва ташаббускор педагог эса ўз ўқувчиларига ҳам ана шу қадриятларни сингдира олади. Шунинг учун педагог кадрларни тайёрлайдиган олий таълим муассасаларида соғлом муҳитни шакллантириш стратегик аҳамиятга эга.
Бугун институтнинг “Ёшлар боғи”да эрталабки машқларни бажараётган ёшларни кўриб, бир ҳақиқатга ишонч ҳосил қилиш мумкин: келажакда болаларга таълим ва тарбия берадиган устозларнинг ўзи ҳам соғлом, фаол ва кучли бўлиши зарур.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги мусобақалар ҳам ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай ташаббусларнинг қадри шундаки, улар ёшларни телефон ва виртуал муҳитдан спорт майдонига, томошабинликдан иштирокчиликка, бефарқликдан ташаббускорликка етаклайди.
Спорт майдонидаги бир неча дақиқалик беллашув баъзан инсон характерида йиллар давомида сақланиб қоладиган сабоқни беради: мақсад бўлса, ҳаракат керак; ҳаракат бўлса, натижа албатта келади. Бундай муҳитда ёшлар нафақат спорт билан шуғулланади, балки дўстлик, ҳамжиҳатлик, ҳурмат ва рақобат маданиятини ҳам ўрганади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири