Адабиёт, дўстлик, қардошлик байрами
Пойтахтимизда Туркий тилли давлатлар ижодкорлари иштирокидаги XVI Туркий шеърият фестивали адабиёт, дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳафталиги сифатида баланд руҳда ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда ТУРКСОЙ, ТИКА каби халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу фестивалда бир қатор туркий тилли давлатлардан шоирлар иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг таъкидлашича, кейинги йилларда миллий адабиётимиз равнақига кўрсатилаётган катта эътибор халқаро ҳамкорлик алоқаларининг тобора кенгайишига ҳам улкан имкониятлар эшигини очмоқда.
Мамлакатимиз адабиёт аҳли ТУРКСОЙ ташкилоти билан биргаликда кўплаб янги адабиётлар тақдимоти, шеърият ва адабиёт байрамлари, китоб кўргазмалари, адабий мулоқотлар, халқаро анжуманларни муваффақиятли ўтказиб келмоқда. Айни пайтда бир қатор ўзбек ижодкорларининг асарлари турк ва бошқа қардош тилларга фаол таржима қилинмоқда. Бундай мулоқотлар адабий жараёнлар ривожи учун янги уфқларни очишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Айтиш жоизки, фестиваль доирасида бир қатор ижодкорларнинг фаолияти, асарлари алоҳида эътироф этилиб, тақдирланди.
Тадбир доирасида “Алишер Навоий ва XXI аср шеърияти” мавзусидаги мушоира, “Шеърият келажаги ва сунъий интеллект” номли давра суҳбати, турк ижодкори Меҳмет Дўғон, қирғиз шоири Алиқул Осмонов, қозоқ шоири Абай хотирасига бағишланган мушоиралар, китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

Қардош тилда ижод қилаётган шоирлар мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдли муҳташам мажмуанинг нашр этилишини адабиётга бўлган юксак эътибор сифатида алоҳида эътироф этдилар.
Фестиваль доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Туркия Ёзарлар бирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат ўзбек ва турк замонавий, мумтоз адабиёти намуналарини икки давлат китобхонларига янада фаолроқ етказиш, бадиий баркамол асарларни таржима қилиш, ижод аҳлининг ўзаро мулоқоти учун кенгроқ имкониятлар яратишни кўзлагани билан аҳамиятли бўлди.
Қардош тилли ижодкорлар мамлакатимизда миллий адабиётга кўрсатилаётган эътиборга, яратилаётган шароит ва имкониятларга ўзлари гувоҳ бўлдилар.
Шеърият фестивалининг иштирокчилари ижод мактаблари, музейлар, маърифат масканлари, тарихий қадамжоларга саёҳат қилди.
–Ушбу тадбирни юракдан орзу қилганмиз, – деди туркиялик ижодкор Мурод Қаҳрамон. – Турк дунёсининг адабиёти, унинг ўтмиши, бугуни ва келажаги алоҳида аҳамият касб этади. Бундай фестиваллар адабий, маданий алоқалар билан бирга халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Туркий тилли давлатларнинг ўн олтинчи халқаро шеърият байрами якунланди. Бироқ ижодий ҳамкорлик ва мулоқотлар, изланиш, янги асарлар яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар давом этади.
Назокат Усмонова,
Аҳмаджон Эргашев (сурат),
ЎзА мухбири