Адабиёт бўйича “Нобель” Кореяга кетди
Жанубий Корея ёзувчиси Хан Канг адабиёт бўйича Нобель мукофотини “тарихий жароҳатларга қарши турадиган ва инсон ҳаёти нозиклигини фош этувчи шиддатли шеърий насри учун” қўлга киритди.
Швеция академияси қошидаги Нобель қўмитаси бу ёзувчи аёл 1970 йил мамлакат жанубидаги Кванжу шаҳрида туғилгани, кейинчалик Сеулга кўчиб ўтиб, бутун умрини адабиёт, санъат ва мусиқага бағишлаганини таъкидлайди.
Қўмита раиси Андерс Олссон шундай дейди:
– У тана ва руҳ, тирик ва жонсиз тана ўртасидаги боғлиқликни чуқур англаган ҳолда, ўзига хос шеърий услуби билан замонавий насрда новаторга айланди.

Маълумки, сўнгги йилларда адабиёт бўйича Нобель мукофоти масаласида Европа ва Шимолий Америка ёзувчиларига ён босилиши, инглиз тили қўллаб-қувватланиши кўп танқид қилинди.
2023 йил ҳолатига кўра, ушбу соврин инглиз тилида ёзувчи лауреатларга 29, “француз”ларга 16, немис тилида мулоқот олиб борадиган адибларга 14, испанча ижод қиладиган муаллифларга 11 марта топширилган. Аввалги лауреатлар сафида қўшиқчи ва шоир Боб Дилан, британиялик сиёсатчи ва тарихчи Уинстон Черчилль ҳамда америкалик ёзувчи Тони Моррисон ҳам бор.
Шунингдек, 1901 йил ташкил этилганидан буён адабий ғолиблар орасида эркаклар яққол устунлик қилгани ҳам тез-тез эътироз келтириб чиқаради. Яъни, ҳозиргача эътироф қилинган 120 омадлининг атиги 18 нафари аёл.
Мусулмон Зиё, ЎзА