“ACWA Power”дан 4 миллиард долларлик 5 та лойиҳа
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан видеоконференция тарзида учрашув ўтказди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил август ойида Саудияга ташрифи чоғида имзоланган инвестициявий битимларни амалга оширишнинг жорий ҳолати ва бу борадаги ишни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Музокарада икки давлатнинг тегишли вазирлик, идоралари, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Томонлар кўп қиррали муносабат кун тартибини кўриб чиқиб, мавжуд ижобий суръат икки давлат раҳбарияти ўртасидаги ишончли муносабатга асосланганини таъкидлашди. Шу нуқтаи назардан эришилган келишувларни сифатли ва вақтида бажариш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрлик билдирилди. Шу билан бирга, энергетика соҳасидаги сармоявий шерикликнинг амалий жиҳати ҳам кўриб чиқилди.

Ҳозир “ACWA Power” компанияси умумий қиймати 4 миллиард доллардан ошадиган, қуввати 4,1 ГВт дан зиёд 5 та лойиҳани йўлга қўйган. Режалаштирилган ишларни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш, қайта тикланадиган қувватни, водород энергетикасини ривожлантиришга қаратилган 10 миллиард долларлик янги инвестиция дастури ишлаб чиқишни маромига етказиш бўйича келишувга эришилди.
1 миллиард 310 миллион долларлик МТП технологияси асосида метанолдан пропилен ишлаб чиқариш назарда тутилган кимё тармоғида инвестиция лойиҳаси ҳолати кўриб чиқилди.
Лойиҳанинг техник ва технологик параметрларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш зарур. Шу мақсадда жорий йил декабрь ойида Саудия Арабистони компаниялари делегациясининг юртимизга ташрифи режалаштирилди.

Тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ишлар ҳам самарадор руҳда муҳокама қилинди. Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятидаги 5 та шифохонани реконструкция қилиш, Ал-Ҳабиб тиббиёт академиясини ташкил этиш ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақида фикр алмашилди.
Саудия томони тайёргарлик жараёнини амалга ошириш ва ҳужжатларни шакллантиришни тезлаштириш мақсадида мутахассислар гуруҳини юборишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқот чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболи ҳам таҳлил этилди.

Иқлим шароити ва тупроқ сифатини ўрганиш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди. Таҳлил натижасига кўра, Навоий ва Тошкент вилоятларида 1,8 минг гектардан зиёд майдонда “Al Rajhi International” ва “Ajlan & Bros” компаниялари мутахассислари томонидан илғор тажрибадан, замонавий технологиядан фойдаланган ҳолда иш бошланади.
Томонлар Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси билан Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ўртасида қўшма инвестиция лойиҳасини биргаликда молиялаштириш тўғрисида битим тузиш, шунингдек, Саудиянинг мазкур жамғармаси кўмагида республикамизда “Индекс”га асосланган акциядорлик жамғармаси ташкил этиш истиқболини муҳокама қилдилар.
ЎзА