Абу Райҳон Берунийга бағишланган кўргазма
Тошкент фотосуратлар уйида Президентимизнинг 2022 йил 25 августдаги “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ бадиий кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маълумки, Абу Райҳон Беруний ўрта асрнинг буюк даҳоларидан бири бўлиб, ўз даврида фалакиёт, физика, риёзиёт, илоҳиёт, маъданшунослик, ўсимликшунослик сингари бошқа кўплаб фанларни пухта эгаллаган.
Беруний Хоразмнинг янги ҳукмдори Абу Аббос Маъмун II ибн Маъмун томонидан мамлакатнинг янги пойтахти Урганчга чақиртирилган. Хоразмшоҳ томонидан катта иззат-икром билан қабул қилинган ва Урганчда Маъмуннинг бевосита раҳнамолигида вужудга келган илмий марказда фаолият кўрсатган. Беруний шоҳ Маъмун II нинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида мамлакатнинг сиёсий ишларида ҳам фаол қатнашган.
[gallery-13160]
Кўргазмада буюк олимнинг шахси ва фаолиятини акс эттирадиган фотосуратлар намойиш қилинди. Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги фотомухбирларининг Беруний ва Беруний шаҳрига тегишли фотосуратлари ҳам ўрин олди. Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архивидан олинган “Абу Райҳон Беруний” фильмининг суратга олиш жараёнлари ва фильмдан лавҳалар, Беруний шаҳридаги Абу Райҳон Беруний ҳайкали кўриниши, Тошкентдаги Беруний номидаги кўчалар, майдонлар кўринишлари, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат Шарқшунослик институтининг профессор ва талабаларининг суратлари, Беруний портрет ва бюстларининг архивда сақланаётган фотонусхаларидан намуналар намойиш этилди.
Экспозицияда Тошкент Халқаро Вестминестр университетида фаолият олиб борадиган фотостудия раҳбари Улуғбек Мейликовнинг Тошкент метрополитенининг Беруний бекати ичкариси ва ташқариси фотосуратлари ҳамда Абу Райҳон Беруний ҳайкалининг турли фотолавҳалари ҳавола этилди.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев,(сурат) ЎзА