Абитуриентлар учун қулай шароит яратилди
Қорақалпоғистон Республикасида 2026–2027 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари юқори даражадаги ташкилий тайёргарлик асосида давом этмоқда.
Жорий йилнинг 14 июль куни бошланган тест синовлари 23 июлга қадар ўтказилиши белгиланган бўлиб, синовлар ҳар куни икки сменада — биринчи сменада соат 08:00 дан 11:00 гача, иккинчи сменада эса 15:00 дан 18:00 гача ташкил этилмоқда.
Кириш тест синовларини очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этиш, барча абитуриентлар учун тенг имкониятларни таъминлаш ҳамда имтиҳон жараёнларининг холис ва қонуний ўтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча жараёнлар белгиланган тартиб ва талаблар асосида ташкил этилиб, жамоатчилик назорати ҳамда замонавий назорат механизмлари орқали тест синовларининг шаффофлиги таъминланмоқда.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали жамоаси Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида ўтказилаётган тест синовлари жараёнида абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламли кўмак ва тарғибот тадбирларини амалга оширилди. Тадбир доирасида тест синовларига кирувчи абитуриентларнинг шахсий буюмларини ишончли сақлаш учун махсус сақлаш ҳудуди ташкил этилди. Бу ерда шахсий буюмлар тартибли равишда қабул қилиниб, хавфсиз сақланди ҳамда тест синовлари якунланганидан сўнг эгаларига тўлиқ ҳолда қайтарилди.
Шунингдек, филиалнинг масъул ходимлари ва кўнгилли талабалари томонидан абитуриентларга тестга кириш рухсатномаларини аниқлаш ва чоп этишда амалий ёрдам кўрсатилди. Уларга тест синовлари тартиби, имтиҳон жараёнида амал қилиниши лозим бўлган қоидалар ҳамда муҳим тавсиялар ҳақида тушунтириш берилди.
Ота-оналар учун ҳам алоҳида қулайликлар яратилди. Улар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, кутиш ҳудудларида ўрнатилган онлайн кузатув тизимлари орқали фарзандларининг тест топшириш жараёнини ҳақиқий вақт режимида кузатиш имконияти мавжудлиги ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бу эса ота-оналарнинг хотиржамлигини таъминлашга хизмат қилди.
Шу билан бир қаторда, филиал профессор-ўқитувчилари ва масъул ходимлари томонидан абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналарига филиалда яратилган замонавий таълим муҳити, илмий ва ўқув лабораториялари, амалий машғулотлар базаси, талабалар турар жойи, Ахборот-ресурс маркази, мавжуд таълим йўналишлари, халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳамда ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Шунингдек, филиал фаолиятини акс эттирувчи ахборот ва тарғибот материаллари тарқатилди. Бугунги кунда мамлакатимизда абитуриентлар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг билим ва салоҳиятини холис баҳолаш ҳамда кириш тест синовларини адолатли, шаффоф ва қонунчилик талаблари асосида ташкил этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири