Абдусалом Хатамов: Мустақиллик – буюк неъмат, миллий ғурур ва тараққиётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир!
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Истиқлолимизнинг 35 йиллиги байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Хатамов ўз табригини изҳор этди.
– Мустақиллик – халқимиз учун буюк неъмат, миллий ғурур ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидир. Ўтган 35 йил давомида юртимиз давлатчилик ва тараққиёт йўлида улкан ютуқларни қўлга киритди. Миллий қадриятларимиз, бой тарихимиз ва маънавий меросимиз асраб-авайланиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, сўнгги тўққиз йил ўлкамиз ҳаётида туб бурилишлар ва улкан ўзгаришлар даври бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқ фаровонлигини юксалтириш, иқтисодиётни модернизация қилиш, жамият ҳаётини янада демократлаштириш ва диёримизнинг халқаро нуфузини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бугун Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти олдида ўзининг янги қиёфасини намоён этмоқда. Очиқлик ва яхши қўшничиликка асосланган, тинчликсевар ва прагматик ташқи сиёсатимиз туфайли республикамизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори янада юксалиб бормоқда. Ўзбекистоннинг тинчлик, барқарорлик, ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланмоқда.
Дарҳақиқат, бугун Ватанимизни нафақат бой тарих ва буюк маданиятга эга мамлакат, балки замонавий тараққиёт сари дадил одимлаётган, очиқ ва ишончли ҳамкор сифатида ҳам эътироф этмоқдалар.
Ўзбекистоннинг Ўмон Султонлиги билан азалий дўстлик ва ўзаро ҳурмат руҳига асосланган муносабатлари ҳам бугун янги мазмун билан бойиб бормоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб бораётгани бизга катта мамнуният бағишлайди. Ишончим комилки, Ўзбекистон – Ўмон муносабатлари халқларимиз манфаатлари йўлида бундан буён ҳам юксак суръатларда тараққий этади.
Ушбу қутлуғ айёмда халқимизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, оилавий бахт ва хотиржамлик, файзу барака ва фаровонлик тилайман.
Истиқлолимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин, азиз юртдошлар!
Ў.АЛИМОВ, ЎзА