Абдумалик Халаков олтин, Фарзона Фозилова кумуш медаль соҳиби
Хитойнинг Гуйян шаҳрида ўтаётган бокс бўйича Жаҳон кубогида финалчилар номи маълум бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси 7 нафар спортчиси билан ҳал қилувчи босқичга етиб келган давлатлар орасида биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Хитойнинг Гуйян шаҳрида ўтаётган бокс бўйича Жаҳон кубогида финалчилар номи маълум бўлди. Қувонарлиси, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг ҳал қилувчи босқичига энг кўп вакил билан етиб келди.
Жумладан, Фарзона Фозилова (-48 кг), Нигина Ўктамова (-57 кг), Олтиной Сотимбоева (+80 кг), Асилбек Жалилов (-50 кг), Абдумалик Халаков (-60 кг), Жавоҳир Умматалиев (-80 кг) ва Тўрабек Хабибуллаев (-90 кг) финал йўлланмасини қўлга киритди.
Мусобақанинг - 60 кг вазн тоифасида Абдумалик Халаков бразилиялик Луиз Габриелани енгган бўлса, -90 кг.да Тўрабек Ҳабибуллаев финал жангида англиялик Исаак Окохга қарши рингга кўтарилиши керак эди. Бироқ, рақиби жароҳат олгани сабабли жанг қила олмаслигини билдирган. Шу тариқа, Тўрабек Жаҳон кубоги ғолибига айланди.
-48 кг. вазн тоифасидаги вакилимиз Фарзона Фозилова Жаҳон кубогининг кумуш медалини қўлга киритди.
Афсуски, ярим финалда мағлуб бўлган Арман Маханов, Акмалжон Исроилов, Азиза Зокирова ҳамда Ситора Турдибекова мусобақани бронза медали билан якунлайдиган бўлди.
Финалчилар сони бўйича Ўзбекистон 7 нафар боксчи билан пешқадамлик қилмоқда. Кейинги ўринларни Хитой (6 нафар) ва Қозоғистон (5 нафар) эгаллаб турибди. Шунингдек, Ҳиндистон ва Франциядан 4 нафардан, Бразилиядан 3 нафар, Англия, АҚШ ҳамда Италиядан 2 нафардан спортчи финалга чиққан. Хитой Тайпейи, Болгария, Озарбайжон, Германия ва Канада эса биттадан финалчига эга.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА