Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига
Силлиқ кечмаган ҳаёт
Қашқадарё воҳаси қадимдан улуғ инсонларга бешик бўлган кўҳна замин. Жаҳон ва Шарқ шеърияти устунларидан Мирзо Бедил, Хисрав Деҳлавий, Мирзо Ғолибнинг ота-боболари шу диёр фарзандларидир. Спитамен, Широқ, Тўмарис, Муқанналар ҳам Қашқадарё ўлкасига бегона эмас. Марвда араб босқинчиларига қарши миллий озодлик курашини бошлаган Муқаннанинг асосий таянчи ва қароргоҳи Насаф шаҳри бўлган. Кейин у Яккабоғ тоғларида курашини давом эттириб, Ватан озодлиги учун ўша ерда жонини фидо этган. Соҳибқирон Амир Темурнинг киндик қони томиб, вояга етказган, курашга отлантириб, илк зафарлар келтирган ҳам Қашқадарё воҳасидир. ХХ асрнинг 60 йилларида ўзбек шеъриятига митти юлдуз бўлиб кирган ва умрбод порлаб қолган Абдулла Ориповнинг шу юртда таваллуд топгани тасодиф эмас. Бундай заминда таваллуд топган ҳар бир инсоннинг қонида сўзга ошуфталик туғма ва табиийдек туюлади. 50 йиллар охири – 60 йиллар бошида қишлоқларда на телевизор, на кўнгилочар бирор маскан, истироҳат боғи бор эди. Биз ўспирин болалар фақат китоб, газета ва журналлар ўқир, ёки майдоннинг чангини чиқариб тўп тепардик. Абдулла аканинг «Гулхан», «Шарқ юлдузи» журналларида чиққан шеърларини ўспиринлик йилларида ўқиганмиз.
Мен ҳам ёшлигимда ижодга, журналистикага қизиқардим, мактабда юқори синфларда ўқиб юрганимда, туманимиз газетасида мунтазам чиқиб турардим. 1966 йил мактабни тамомлаб, журналистика факультетига ўқишга киролмадим. Ўша йили ҳам ўнинчи, ҳам ўн биринчи синф ўқувчилари мактабни битиришди. Ўқишга киришни хоҳлаганлар сони икки баробарга кўпайди. Бунинг устига, Тошкентдаги олий ўқув юртларига зилзила туфайли қабул квотаси кўпаймади. Хуллас, ўқишга киролмаганимдан сўнг, ёзган нарсаларимни кўтариб «Қашқадарё ҳақиқати» вилоят газетаси редакциясига бордим. Газета редактори салоҳияти ўта баланд Йўлдош Умаров мен билан суҳбатлашиб, чоп этилган ишларимни ўқиб, корректорликка ишга қабул қилди. Кейинчалик таниқли шоирга айланган Исмоил Тўхтамишев ҳам ўқишга киролмасдан корректорликка ишга олинди. Бирга ишладик. Ўша йили Абдулла ака билан таҳририятда танишганман. У киши ота юртга келган чоғида, албатта, таҳририятга кирарди. Бу ерда унинг бирга ўқиган дўстлари кўп экан. Ёши катта журналистлар ҳам Абдулла акани ўзгача ҳурмат ва меҳр билан қарши олар, ҳамма унинг келажакда улкан шоир бўлишига амин эди. Самад Қодиров, Рўзижон Нурматов, Сувон Соқиев, Абди Пардаев, Темур ва Баҳром Шоқулов каби кўзга кўринган журналистлар билан шоирнинг ҳар галги суҳбатлари ҳавас қиладиган даражада самимий ўтарди. Эсимда, Абдулла ака Исмоил иккаламизга юзланиб: «Укаларим, корректор – газетанинг юзи, ойнаси. Сизлар масъулиятли жойда ишлаяпсизлар, бўлғуси журналист корректорликда тобланади», деди. Бизларга Тошкентга борганимизда, албатта у киши билан учрашишни тайинлади. Ўша гаплар, ёшгина Абдулла аканинг самимийлиги ҳамон қулоғимда. Исмоил бир йилдан кейин журналистикага ўқишга кирди. Абдулла аканинг содиқ шогирдига айланди. Мен эса бошқа йўналишдан кетдим.
«СИЗ АЛЛАҚАЧОН ДЕПУТАТСИЗ»
1994 йил мен Китоб тумани ҳокими вазифасида ишлар эдим. Абдулла ака жияни, менинг эски қадрдоним Абдураҳим Эркаев билан ишхонамга кириб келди. Салом-аликдан сўнг унинг номзоди Китоб ва Чироқчи туманларидан Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлигига кўрсатилганлигини айтди. Биз хурсанд бўлиб, «Сиз аллақачон депутатсиз», дедик.
Шеърхонлик бошланиб кетди. Аввал шоир, кейин китоблик шеър шайдолари бирин-кетин чиқиш қилдилар. Шоир ва мухлислар ўртасида қандайдир мустаҳкам руҳий боғланиш, маънавий муштараклик пайдо бўлди. Бундай пайтда ҳамма нарса, ҳар қандай маиший рўзғор ташвишлари унутилади. Шоирнинг китоблик мухлислари ҳам ўша онларда рўзғор, бола-чақа, тирикчилик юмушларини, ташвишларини бир зум унутиб, улкан руҳий-маънавий озуқа олган эди. Учрашув тўрт соатлар давом этди. Ҳеч ким турай, уйга борай демайди. Охири ҳамма қувонч билан тарқалди. Сайловда Абдулла Орипов катта устунлик билан ғолиб бўлди. Илгари ҳам у халқнинг қалбидан жой олганини яхши билардим. Аммо учрашув куни буни бутун вужудим ва қалбим билан ҳис қилдим. Ўшанда мен ҳам 226-Китоб сайлов округидан Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлигига сайландим. Абдулла ака иккимиз яна бир машҳур юртдошимиз, атоқли олим, академик Асқар Холмуродов бошқарган илм-фан, маданият ва спорт қўмитасига аъзо бўлиб, фаолият кўрсатдик. Ўша йиллари Абдулла ака билан дастлабки депутатлик йилларимиз Қарши шаҳрининг ёши 2700 йилга тенглигини расмий қарор билан тасдиқлаш ва нишонлаш учун республика ҳукумати Халқаро ЮНEСКО ташкилотига таклиф юбориш лозимлиги тўғрисида ташаббус билан чиқдик. ЮНEСКОга тегишли ҳужжатлар тақдим этилди. Қарши шаҳрининг ёши тан олинди, ЮНEСКО тадбирларига шаҳар тўйини ўтказиш киритилди. Тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Қарши юбилейи 2006 йилда тантанали нишонланди. Ундан аввал Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини кенг нишонлаш бўйича Президент Фармони эълон қилинган эди. Абдулла ака вилоятга тез-тез келадиган бўлди. Вилоят марказида, туманларда ўтказиладиган кўпчилик тадбирларда оташин чиқишлари, шеърлари билан сидқидилдан, кўтаринки кайфиятда фаол иштирок этди. Вилоят раҳбариятига тарғибот-ташвиқот ишларида яқиндан туриб ёрдам кўрсатди.
ШОИРГА СОВҒА ҚИЛИНГАН ОТ
Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигига қизғин тайёргарлик ҳам бошлаб юборилди. Шаҳрисабзда буюк бобомизга ҳайкал ўрнатилди. Шаҳарга Амир Темур ордени берилди (бу вақтда мен Қашқадарё вилояти ҳокими эдим). Юбилей тантаналарини тайёрлашда барча ташкилий ишлар ва уларни амалга ошириш менинг зиммамда эди. Қадимий шаҳарнинг тарихий, маданий обидаларини таъмирлаш, зарурларини реставрация қилиш, авайлаб-асраш, келажак авлодга етказишдек масъулиятни чуқурроқ ҳис этишда Абдулла Ориповнинг фикрлари, шеърлари ва асарлари ҳаммамизга катта ёрдам берди. У кишининг Темур ҳақидаги гапларини эшитсанг, шеърларини, асарларини ўқисанг, Соҳибқирон қиёфаси, салоҳияти, миқёси қалбинг тубида, хаёлингда жонланади. Унинг сиймосини, образини, салобати ва улуғворлигини аниқ сезасан, қалбингга қандайдир титроқ киради, хаёлинг ўтмишда, буюк Темур даврида кеча бошлайди. Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги Абдулла аканинг фаол иштирокида нишонланди. Адолат ва ҳақиқат ҳимоячиси бўлмиш Амир Темур ва бошқа буюк аждодларимиз образи кўз олдимдан ўтар экан, ҳаётимиз улар каби улуғларнинг ўгитлари билан тўлганидан, уларга элдош-қондош бўлганимдан фахрланаман. Умримиз бекор ўтмаганига ифтихор билан боқаман. Мана шундай тарихий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда бизга улуғ инсон ва шоир Абдулла ака катта ёрдам берган, руҳий таянч ва намуна бўлган. Абдулла Орипов ўша йиллари «Соҳибқирон» драматик достонини яратди. Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номли вилоят театрида саҳналаштирилган асар премьерасида томошабинлар театр залига сиғмай қолди. Премьерага марказдан ҳам кўпчилик келди.
Ташкилий қўмита аъзоси темуршунос академик Бўрибой Аҳмедов бошчилигида бир гуруҳ олимлар, адиблар залда ҳозир бўлишди. Премьера кўнгилдагидек юксак даражада ўтди, кейин унинг муҳокамаси бўлди. Саҳналаштирган режиссёр Абдураҳмон Абдуназаровга, артистлар "манзили"га моҳирона ижролари учун мақтовлар янгради. Абдулла ака уларга алоҳида раҳмат айтди. Томошага келганларни, меҳмонларни спектаклдан кейин театр олдидаги майдонда ҳеч ким ўйламаган «Сюрприз» кутаётган эди. Тарихий маълумотларга кўра, Ҳусайн Бойқаронинг даҳо дўсти Алишер Навоий «Хамса» асарини ёзиб, бир нусхасини унга сафардан қайтаётганда пешвоз чиқиб тақдим этади. Ҳусайн Бойқаро отидан тушиб, Алишер Навоийни ўз отига миндиради ва бутун Ҳиротни ўзи жиловдор бўлиб айлантиради. Биз ҳам узоқ вақтлар кўнглимизга тугиб қўйган Абдулла акага, оқ, бўз, от совға қилиш ниятимизни амалга ўша куни оширишга жазм этдик.
Театр олдидаги майдон одамлар билан тўлиб кетди. Байрамона безатилган оқ отга Абдулла акани кўтариб миндириб қўйдик. Йиғилганлар шунчалик хурсанд бўлишдики, майдонни олқишлар, қарсаклар тутиб кетди. Улар яна бир марта улуғ юртдоши борлиги билан фахрланишган бўлса, не ажаб. Бу ишда ҳеч қанақа расмиятчилик, юқоридагиларнинг топшириғини бажариш деган нарса йўқ эди. Бу Қашқадарё халқининг ўз фарзандига бўлган самимий меҳрининг, ҳурматининг авж пардадаги ифодаси эди.
ХАВОТИР
Мен вилоят ҳокимлигидан кетганимдан кейин ҳам Абдулла ака билан алоқамиз узилгани йўқ. Байрамларда бир-биримизни табриклаб, ҳол-аҳвол сўрашиб турардик. 2001 йил Абдулла аканинг 60 йиллик таваллуди кенг нишонланди. Минг афсуски, вилоятимизда ўтказилган ўнлаб тадбирлар, учрашувларга мен таклиф этилмадим. Шунда табрик хатини йўллашга қарор қилдим. Унда жумладан, қуйидаги мисралар бор эди: «Абдулла ака, сизни чин дилимдан табриклайман. Сизга фақат соғлик ва баракали ижод тилайман. Юртдошларингиз миндирган от ҳеч қачон қоқилмасин, тўқнашмасин». Кунлардан бир куни Қибрайдаги шоир ҳовлисига ҳол-аҳвол сўрагани борсам, Абдулла аканинг кайфияти йўқ. Нимадандир хафа. Бир пиёла чой ичгандан кейин ўзи гап бошлади: «Мени табриклаб ёзган хатингизда билдирган хавотирингизда жон бордек. Миндирган отингиз ҳақиқатан ҳам қоқилаётганга ўхшайди».
Ҳа, улуғ зотнинг кейинги йиллардаги ҳаёти силлиқ кечмади... Бошидан ўтаётган воқеалар, изтироб хасталигини оғирлаштирди. Лекин Абдулла Орипов Худонинг севган бандаси эди. У доимо инсонларнинг қувончу ташвишлари билан яшади. Халқ ҳам унга меҳр-муҳаббат ва чексиз ардоқ ила жавоб қайтарди. Оқил, халқпарвар Абдулла Орипов оғир дардга чалиниб, даво истаб Америкага, қизи яшаётган мамлакатга боришга мажбур бўлди. Оғир изтироблар юкидан халос бўлолмаган Абдулла ака ўша юртда вафот эди. Ҳар давлатнинг ўз қонун-қоидалари, қатъий санитар талаблари бор. АҚШда вафот этганларнинг деярли барчаси ўша ерда дафн этилади. Фақат баъзи бир улуғ шахслар ёки давлат арбоблари жасадлари расмий дипломатик уринишлар орқали мамлакатига қайтарилади. Ўшанда ҳам ё махсус чартер рейси ташкил қилиниши ёки бошқа мамлакатларда қўниб ўтмайдиган тўғри авиарейс бўлиши лозим. Бахтга қарши, шоир Хюстонда – Техас штатида вафот этган. Хюстон ва Ўзбекистон ўртасида тўғри авиарейс йўқ. АҚШда штатлар бир-биридан мустақил, қонунлари фарқ қилади. Жасадни бир штатдан бошқасига олиб ўтиш жуда кўп келишувларни, ҳар хил йўриқларни бажаришни талаб қилади. Хуллас, жуда чигал вазият вужудга келган. Ўзбек халқининг яна бир даҳосининг қабри чет элда қолиб кетиш хавфи туғилган. Ҳақиқатан, Беруний, Ибн Сино, Фарғоний, Хоразмий, Навоий, Бобур, Машраб, Фурқат хоклари Ўзбекистондан ташқарида ётибди. Ўшанда давлат раҳбарининг қатъияти, саъй-ҳаракатларисиз натижа қандай бўлиши мумкинлигини ҳеч ким айтолмайди. Абдулла ака жасади юртига қайтарилиши Ўзбекистон учун ўзига хос синов эди. Синовдан муваффақиятли ўтдик. Халқ бу борада раҳбариятдан рози бўлди. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон янгиланаётганини, миллий ғурур ва ифтихорга, халқ асл фарзандлари қадр-қиммати ва хотирасига муносабат ўзгарганининг белгиси эди. Адолат ва ҳақиқат тантана қилиб, инсонпарварлик сиёсатини дастуриламал билган, Ўзбекистонни ҳақиқий янги тараққиёт босқичига олиб чиқишга астойдил бел боғлаган, халқ дарди ва қувончлари билан ҳамнафас Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президентлигига сайланди. Кейинги йиллар давомида тазйиқлар остига олинган Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Абдулла Ориповнинг номлари ҳам тикланди ва абадиятга муҳрланди. Уларга Адиблар хиёбонида ҳайкаллар ўрнатилиб, номида ижод мактаблари ташкил этилди. Бугун Ўзбекистон ҳақиқатан янгиланди. Халқимиз жуда юксак марраларни кўзлаб, Учинчи Ренесансни амалга оширмоқда. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда ўзбек халқи, ёшлари учун Абдулла Орипов ижоди сафарбар этувчи, олдинга – юксак марраларга чорловчи омил бўлиб қолаверади. Шоирнинг номи халқимиз хотирасида, токи ўзбек тили ва ва адабиёти бор экан, мангу яшайверади.
Озод ПАРМОНОВ, ЎзА