Абдулла Орипов Абдулла Қодирий ҳақида
Абдулла Орипов, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири
ҚОДИРИЙ
Сизга юз минг жаннат бўлгайдир раво,
Балки бундан кўпин бергайдир Худо.
Шунча йил дўзахи кимсалар билан
Чидаб яшадингиз, Қодирий бобо!
2008 йил 24 сентябрь
* * *
АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИНГ СЎНГГИ САБОҒИ
Бирингиз Отабек, бирингиз Кумуш,
Доим яшнаб турсин севгингиз боғи.
Ҳақиқий муҳаббат билмасин сўлиш,
Устоз Кодирийнинг бу илк сабоғи.
Адиб юрагида аламлар қат-қат,
Лекин биттаси бор, ўчмасдир доғи:
Жонни тик озодлик йўлида фақат,
Бу эса устознинг сўнгги сабоғи.
1994 йил
* * *
....Сарғайган саҳфалар аро боқиб тек,
Қодирий қабрини сўрар Отабек.....
(Абдулла Ориповнинг "Маломат тошлари" шеъридан)
* * *
ИСМ ҲАҚИДА
Хаёлимга келар гоҳ ғалат бир гап,
Гар уни эл аро сўйлаб юрмасман.
Билмадим не боис, билмам не сабаб,
Исмимни бировга раво кўрмасман.
Улуғ отдошларим мақоми юксак,
Мен шогирд эрурман гарчанд аларга.
Ҳар нечук, бир гапни айтмоғим керак:
Осон бўлмаган ҳеч Абдуллаларга.
1987 йил