Абдулла Қодирий сиймосига эҳтиром
Бу йил ўзбек романчилик мактаби асосчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Бу йил ўзбек романчилик мактаби асосчиси Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Адиб яшаган хонадон уй музейига айлантирилди. Таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ёзувчи ҳаёти ҳақидаги “Ёлғиз“ қиссаси асосида Ўзбекистон давлат драма театрида Олимжон Салимов режиссёрлигида “Жинлар базми” спектакли саҳналаштирилди. Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби очилди. Пойтахтимиздаги ёзувчи номидаги истироҳат боғида Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби қурилмоқда. Бу ерда адиб номидаги кутубхона ва музей ҳам бўлади. Абдулла Қодирий асарлари луғати тузилди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ўзбек тили камбағал эмас, балки, ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар” деган улуғ бобокалонимиз таваллудининг 125 йиллигига бағишланган “Абдулла Қодирий ва ўзбек адабий тили” мавзуида илмий конференция ҳам ана шу эзгу ишларнинг давоми ўлароқ ўтказилди.

Конференцияда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори Наим Каримов, Озарбайжон Миллий Ёзувчилар бирлиги драматургия кенгаши раиси Фируз Мустафо, Қирғизистон Республикаси Миллий Ёзувчилар уюшмаси бошқарув кенгаши аъзоси, шоир ва таржимон Бегижон Аҳмедов, филология фанлари доктори Сувон Мели, Хуршид Дўстмуҳаммад, филология фанлари доктори Баҳодир Карим адиб ижодий фаолиятига доир маърузалар ўқиди.
Анжуман доирасида экспозиция ва китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.