Аҳил оиланинг азиз фарзандлари
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 18-моддасидан)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Республика Тожик миллий маданий маркази томонидан “Конституция – миллатлараро тотувлик кафолати“ мавзуида маърифий анжуман ташкил этилди.
Тадбирда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётгани таъкидланди. Тинчлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорлик устувор бўлган она диёримизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандидек ўзаро ҳурмат, меҳр, якдиллик тамойиллари асосида яшаб, жонажон Ўзбекистонимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Барча ҳамюртларимизнинг таълим олиши, ўз ижодий-интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариши, меҳнат қилиши, саломатлигини асраши билан боғлиқ ҳуқуқий кафолатлар Бош Қомусимизда қатъий белгилаб қўйилган.
Республика Тожик миллий маданий маркази ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, фидойилик, юртга дахлдорлик ҳиссини мустаҳкам қарор топтиришдек эзгу мақсадлар йўлида самарали фаолият кўрсатмоқда. Марказ томонидан турли ижодий ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда ташкил этилаётган тадбирлар Ўзбекистон халқининг бирлиги, бирдамлиги, аҳиллиги, ўзаро ҳамжиҳатлигини яна бир карра намоён этмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни барчамиз учун мўътабар байрамлардан саналади, – деди Республика Тожик миллий маданий маркази раҳбари Жаъфар Холмўминов. – Негаки, барча имкониятларимиз айни ҳужжатда ўзининг ёрқин кафолатини топган. Бош Қомусимиз туфайли жамиятимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тинчлик, тенглик ҳамиша барқарор. Ўзбекистондек файзли хонадон – жонажон Ватанимизда турли миллат вакиллари каби тожиклар ҳам бу замин халқининг таркибий қисми экани фахрлидир. Инсоннинг шахс сифатида эъзозланиши Конституциямизда ўзининг амалий тасдиғини топган.
Тадбирда Конституциямизнинг халқчиллиги, унинг ҳар бир ҳамюртимиз ҳаётида ўз аксини топаётгани таъкидланди. Ватан, истиқлол, дўстлик ва тотувликни мадҳ этувчи шеърлар, қўшиқлар янгради.