А-373 автомобиль йўли ёқалаб…
Тошқин натижасида зарар кўрган 12 та аҳоли пунктидан 11 таси тўлиқ, яна биттаси қисман, барқарор электр энергияси билан таъминланди.
Бундан бир ҳафта муқаддам Мирзаобод – Оқолтин туманлари ҳудудидан ўтувчи А-373 автомобиль йўли бўйлаб юрганимизда, йўлнинг 11-12 километрлари сув тошқинидан жиддий талофат кўрганига гувоҳ бўлган эдик.
Тошкент шаҳри, Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари йўлсозлари томонидан ушбу муаммо қисқа фурсатларда бартараф этилиб, у ерга асфальт-бетон қопламаси ётқизилиб, сўнги тиклаш ишлари амалга оширилаётган экан.
Йўлнинг икки томонида сув тошқинидан ҳосил бўлган лойқа, кўлмак ва бошқа чиқиндиларни тозалаш, йўл жиҳоз ва белгиларини қайта тиклаш учун қурилиш соҳасидан 175 техника ҳамда 416 нафар йўлсоз таъмирлаш, тиклаш, тозалаш ишларини олиб бормоқда.
Вилоятнинг тошқин зарар етказган ҳудудидаги 24 та кўприкда диагностика ишлари ниҳоялаб, таҳлил натижаларига асосланиб “Тошкент кўприк қурилиш” корхонаси қурувчилари ва Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари томонидан қисқа фурсатларда бир нечта кўприклар қайта тикланиб, автомобил ва пиёдалар қатнови йўлга қўйилди.
Тошқин натижасида зарар кўрган 12 та аҳоли пунктидан 11 таси тўлиқ, яна биттаси қисман, барқарор электр энергияси билан таъминланди. Электр тармоқларини тиклаш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 11 та аҳоли пунктида 66 километр газ қувури, 47 дона газ тақсимлаш қурилмаси ҳамда 7 минг 550 дона маиший газ баллонларига зарар етган эди. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида 50 нафар ходим ва мутахассис, 45 та автотранспорт воситаси жалб қилинган ҳолда, аҳолини қийнаётган муаммони қисқа фурсатларда бартараф этгани таҳсинга лойиқ.
Хизмат сафаримиз давом этади...