90 ёшда ҳам сўзга садоқат: устоз журналистнинг ибрат мактаби
Фарғона матбуотининг забардаст намояндаси Дониёр Эргашев қутлуғ 90 ёшни қаршилади.
Журналистика — шунчаки касб ёки машғулот эмас, балки жамиятнинг уриб турган томирини ҳис қилиш, халқ ва давлат ўртасида мустаҳкам ишонч кўпригини барпо этиш ҳамда ҳақиқатга садоқат билан хизмат қилиш демакдир. Бу шарафли ва масъулиятли йўлни танлаган инсон бутун умрини сўз масъулияти, фидойилик ва юксак эътиқодга бағишлайди. Фарғона матбуоти тарихида алоҳида ўрин тутувчи, бир неча авлод қаламкашларига касб ва ҳаёт сабоғини берган устоз журналистлар фаолияти бунга яққол мисолдир.
Шундай табаррук сиймолардан бири — Фарғона журналистикасининг таниқли намояндаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дониёр Эргашев бугун қутлуғ 90 ёшни қаршиламоқда. Умрини матбуот ривожига, сўз санъати ва жамоатчилик фикрини шакллантиришга бағишлаган устоз бугун ҳам ижодий жўшқинликни йўқотмай, бой тажрибасини ёш авлодга беминнат улашиб келмоқда.
Дониёр Эргашевнинг ижодий ва меҳнат йўли 1957 йилда, ўша даврдаги Қўқон тумани “Янги Фарғона” газетаси таҳририятида адабий ходим сифатида бошланган. Шундан буён ўтган қарийб етмиш йил давомида у вилоятнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётидаги энг муҳим воқеаларни холис ва теран ёритишга, маҳаллий матбуот нуфузини юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшди.
Фарғона вилояти ижтимоий ва маданий ҳаётида унинг раҳбарлик салоҳияти ҳам ёрқин намоён бўлди. Устоз 1975–1980 йилларда Фарғона вилояти телерадиоканалига раҳбарлик қилиб, миллий журналистикамизда теран мазмун ва юксак маҳорат мезонларини қарор топтирди. 1983–1996 йилларда эса “Янги Фарғона” газетаси бош муҳаррири лавозимида самарали фаолият юритиб, таҳририятнинг ижодий муҳитини соғломлаштириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва уларни ҳақиқий касб эгалари қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, турли йилларда маҳаллий давлат бошқаруви идораларида масъулиятли вазифаларда ишлади.
Эътиборли ва таҳсинга сазовор жиҳати шундаки, 90 ёшни қаршилаётган нуроний устоз ҳамон ижодий изланишда. У “Янги Фарғона” газетасида мунтазам равишда футбол шарҳловчиси сифатида чиқишлар қилиб, ўзининг жозибадор спорт мақолалари билан мухлислар қалбидан жой олмоқда. Шу билан бирга, таҳририят қошида ташкил этилган “Ёш журналистлар мактаби” да бўлажак қаламкашларга касб маҳорати ва масъулиятидан сабоқ бериб келмоқда.
[gallery-32027]
Дониёр Эргашев нафақат ижодий фаолияти, балки соғлом турмуш тарзи ва юксак ҳаётий ғайрати билан ҳам барчага ибрат бўлмоқда. У ҳар куни Фарғона шаҳри бўйлаб пиёда сайр қилишни канда қилмайди, нуронийлар учун ташкил этилган жисмоний тарбия ва соғломлаштириш машғулотларида фаол иштирок этади. Устознинг сермазмун ҳаёт йўли, касбига ва сўзга бўлган чексиз садоқати — бугунги янгиланаётган Ўзбекистон журналистикаси ва ёш қаламкашлар учун ҳақиқий маҳорат, эътиқод ва ибрат мактабидир.
Тўқсон ёшни тетиклик ва жўшқин ижодий руҳ билан кутиб олаётган муҳтарам устозга мустаҳкам соғлиқ, узоқ ва мазмунли умр, ижодий ҳамда ҳаётий фаолиятида ҳамиша зафарлар ёр бўлишини тилаймиз!
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА