90 йиллик илм-фан маскани
Ўзбекистон Миллий университети юртимиздаги энг мўътабар илм-фан ва маърифат масканларидан бири ҳисобланади. Унинг тарихи 1918 йилнинг 12 майидан бошланади. Ўтган асрда Мусулмон халқ дорилфунуни, Туркистон халқ университети, Туркистон давлат университети, Ўрта Осиё давлат университети, Тошкент давлат университети, 2000 йилдан бошлаб Ўзбекистон Миллий университети номи билан фаолият юритиб келмоқда. Бир аср – юз йилдан ошибдики, мамлакатимиз юксалишига, тараққиётига ўзининг муносиб улушини қўшиб келмоқда. Бу даврда минг-минглаб олиму ихтирочи, дунё тан олган академик ва зиёлиларни етиштириб берди.

Ўтган йиллар давомида университет бўлим ва йўналишлари орасида Тарих факультети ҳам ўз нуфузи, илмий-маънавий салоҳияти, профессор-ўқитувчилар таркиби ва малакали кадрлар тайёрлашдаги ютуқлари билан алоҳида ўрин эгаллаб келди. Бу ерда етишган мутахассислар таълим, илм-фан, маданият ҳамда давлат бошқаруви соҳаларида самарали фаолият юритиб, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муносиб ҳисса қўшмоқда.
Факультет ўз фаолиятини 1918 йилда Туркистон халқ университети таркибида очилган Тарих-филология факультети негизида бошлаган. 1922 йилда уни 5 нафар битирувчи тамомлаб, диплом олган. 1935 йилдан эса Тарих факультети “Қадимги дунё тарихи”, “Ўрта асрлар тарихи” (кейинчалик “Умумий тарих”) кафедраларидан иборат алоҳида тузилма сифатида шаклланди.
Ана шу даргоҳ бу йил юртимиздаги энг нуфузли илмий марказлардан бири сифатида 90 йиллигини нишонлаяпти. Бир қарашда бу оддий санадай туюлиши мумкин. Лекин бу – халқимизнинг тарих фани юксалишининг, миллатнинг ўтмишга назар ташлаб, келажак йўлини белгилаб олишда қўлга киритган улкан ютуқларининг рамзий ифодасидир.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан профессор-ўқитувчилар ва талабалар фронтга йўл олди, талабалар сони кескин камайди, 1942 йилда улар 60 нафаргача тушиб қолди. Аммо уруш йилларидаги оғир шароитларга қарамай, факультет ўз фаолиятини тўхтатмади, машғулотлар давом эттирилди.
Урушдан кейинги йилларда факультетнинг фаолияти янги босқичга чиқди. Археология, этнология ва манбашунослик каби йўналишлар очилди. 1950 йилларда талабалар сони 300 нафардан ошди. Аста-секин юксалиш даври бошланди. 1960-1980 йиллар орасида эса факультетда 500-600 нафар талаба таълим олади, 50 дан ортиқ профессор-ўқитувчи уларга сабоқ беради. Улар орасида фан докторлари ва номзодлари, ўз соҳасининг етук олимлари бор эди.
Мустақиллик йиллари факультет олдига янги ва масъулиятли вазифаларни қўйилди – миллий тарихни қайта ёзиш, ўтмиш саҳифаларини қайта тиклаш, халқимизга ўз ҳақиқий тарихини қайтариш. Шу жараёнда факультет олимлари “Ўзбекистон тарихи” кўп томлигини нашрга тайёрлаб, миллий маънавиятга улкан ҳисса қўшдилар. Бу асарлар юртимиз тарихини янги илмий-назарий ёндашувлар асосида ёритиб берди.
Ўзбек тарихшунослиги равнақи ҳақида гап кетар экан, аввало Тарих факультетида шаклланган илмий мактаблар тилга олинади. Чунки бу ердаги илм муҳити ўтмишда В.М.Массон, В.И.Сарианиди, Ю.Ф.Буряков, Э.В. Ртвеладзе каби дунёга танилган олимлар фаолияти билан бойиди. Улар асос солган илмий анъаналар бугунги кунда ҳам изчил давом этмоқда. Академик А.С.Сагдуллаев Марказий Осиёнинг моддий ва маънавий меросини тадқиқ этишда ўз мактабини яратди. Профессор Р.Х.Муртазаева миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ғояларини илмий асосда ўрганиб, замонавий жамият учун улкан назарий хулосалар таклиф қилмоқда. Профессор Сулаймонов эса қадимги ва ўрта асрларда Ўрта Осиё урбанизациясини таҳлил қилиб, шаҳар цивилизациясининг тарихий жараёнларини янгича ёритмоқда. Бу олимлар фақат илмий натижаларга эришибгина қолмай, балки ёш авлодни илмий изланишларга илҳомлантираётган устозлар сифатида ҳам эътироф этилмоқда.
Бугун Тарих факультети мустақил Ўзбекистоннинг янги авлодини тарбиялаяпти. 3 мингдан дан ортиқ талаба таълим оляпти, уларга 100 дан ортиқ профессор-ўқитувчи сабоқ бермоқда. Факультет таркибида “Ўзбекистон тарихи”, “Жаҳон тарихи”, “Археология ва этнология”, “Архившунослик ва манбашунослик”, “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” каби кафедралар фаолият кўрсатмоқда. Замонавий таълим технологиялари, электрон кутубхоналар, архив изланишлари, халқаро ҳамкорлик – буларнинг барчаси талабаларнинг билим олиш жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда.
Факультетнинг сўнгги йиллардаги илмий юксалиши ҳақиқатан ҳам қувонарлидир. 2021 йилда 12 нафар фан доктори ва 40 нафар фан номзоди фаолият юритган бўлса, бугун – 2025 йилда уларнинг сафида 23 нафар фан доктори ва 46 нафар фан номзоди бор. Бу рақамлар факультетнинг илмий иқтидори қандай тез суръатлар билан ошиб бораётганидан далолатдир. Эътиборли жиҳати – профессор-ўқитувчиларнинг ўртача ёши 41 ёшни ташкил қилади. Бу эса тарих илмига янги нафас, ёшлар изланишларининг кучайиб, илм майдонида янги авлод сафга қўшилаётганини яққол кўрсатади.
Факультет олимлари нафақат мамлакат ичида, балки жаҳон илм майдонида ҳам ўз сўзини айтмоқда. Масалан, 2021 йилда Scopus ва Web of Science халқаро маълумотлар базаларида 11 та мақола чоп этилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич икки баробар ошиб, 22 тага етди. Бу кўрсаткичлар нафақат статистика, балки факультет олимларининг дунё тарихшунослигини бойитишга қаратилган изланишлари самараси сифатида юксак аҳамиятга эга.
Ёшлар ва олимларнинг изланишлари амалда ҳам ўз натижасини бермоқда. Агар 2021 йилда ҳимоя қилган ўқитувчилар улуши 45 фоиз атрофида бўлган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 74 фоизга етди. Бу йилларда докторлик ва номзодлик диссертациялари сони икки баробардан кўпроқ ошгани эса илмий раҳбарлик ва таълим жараёнлари самарадорлигининг ортиб бораётганини намоён этади.
Шубҳасиз, бу натижалар Тарих факультетининг илм-фан масканидан тобора нуфузли илмий марказга айланаётганини, унинг олимлари эса нафақат миллий, балки жаҳон тарихшунослиги тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини тасдиқлайди.
Факультет халқаро миқёсда ўз нуфузини тобора мустаҳкамлаб, илм-фан ва таълим соҳасида янги истиқболларни очмоқда. Илмий салоҳиятни ошириш, тарихий тадқиқотларни янги босқичга кўтариш мақсадида дунё университетлари билан яқин ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. АҚШ, Германия, Франция, Испания, Туркия, Россия, Япония ва Корея каби нуфузли илмий марказлар билан қўшма экспедициялар ва халқаро конференциялар ташкил этилиши факультетнинг обрў-эътиборини жаҳон майдонида янада юксалтирмоқда.
Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети халқаро ҳамкорлик йўналишларини изчил кенгайтирмоқда. Факультет талабалари ва ўқитувчилари нуфузли хорижий университетларда тажриба орттириб, жаҳон илм-фани билан ҳамқадам бўлиб бормоқда.
Факультет профессор-ўқитувчилари қисқа муддатли малака ошириш дастурлари, халқаро конференциялар ва форумларда фаол иштирок этиб, ўз билим ва тажрибаларини бойитмоқда. Улар хорижда янги методологиялар, илмий ёндашувлар ва таълим технологияларини ўрганиб, қайтгач, ўз билимларини талабалар ва ҳамкасблар билан бўлишмоқдалар. Халқаро тадбирлардаги маъруза ва тақдимотлар эса факультет тадқиқотларини жаҳон академик ҳамжамиятига етказиш, қўшма дастурлар ва илмий ҳамкорликларни йўлга қўйишга хизмат қилмоқда. Натижада факультетнинг илмий салоҳияти ортиб, таълим жараёни халқаро тажрибалар билан бойиб, унинг жаҳон миқёсидаги нуфузи янада мустаҳкамланмоқда.
АҚШ, Франция, Испания, Польша, Туркия, Россия, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон олимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган маъруза ва семинарлар таълим жараёнини янада бойитмоқда. Хорижий олимлар факультетда фақат маъруза ўқибгина қолмай, талабалар ва устозлар билан амалий ишлар ҳам олиб борадилар.
Факультетда йўлга қўйилган қўшма дастурлар халқаро ҳамкорликнинг энг самарали йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, 2022 йилдан бошлаб икки мамлакат таълим тизимларининг илғор тажрибаларини уйғунлаштириш, ёшларнинг академик мобиллигини таъминлаш ва уларга халқаро даражада рақобатбардош билим бериш мақсадида М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети билан қўшма магистратура дастури ташкил этилди. Дастур доирасида талабалар икки университетда ўқиб, ҳар икки томоннинг ўқув режаси асосида билим оладилар. Бу эса уларга бир вақтнинг ўзида ҳам Ўзбекистон, ҳам Қозоғистон таълим стандартлари асосида шаклланган билим ва кўникмаларни эгаллаш имконини яратади. 2024–2025 ўқув йилида дастурни тўрт нафар ўзбекистонлик магистранти муваффақиятли битириб, иккитомонлама диплом соҳибига айланди. Бу натижа нафақат факультет, балки бутун университет учун халқаро ҳамкорликдаги муҳим ютуқ ҳисобланади. Шу билан бирга, мазкур дастур минтақадаги илмий ва таълимий интеграция жараёнларини кучайтираётганини, тарих фанини ўрганишда умумий қадам ташланиб, янги авлод мутахассислар тайёрланаётганини кўрсатади.
Факультет профессор-ўқитувчилари замонавий илм-фан талабларига мос равишда ўз тадқиқотларини халқаро майдонга олиб чиқишга катта эътибор қаратмоқда. Улар “Тарих ва компьютер” халқаро ассоциациясига аъзо бўлиб, тарихий изланишларда рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирдилар. Бу аъзолик нафақат янги методология ва инновацион ёндашувларни жорий этишга, балки дунё олимлари билан доимий мулоқот ва тажриба алмашишга ҳам йўл очмоқда. Шу билан бирга, факультет профессор-ўқитувчилари Scopus халқаро базасига кирувчи нуфузли журналларда мақолалар чоп этиш орқали ўз илмий натижаларини жаҳон академик ҳамжамиятига тақдим этмоқдалар. Бу ҳолат уларнинг тадқиқотларини халқаро миқёсда тан олинишига хизмат қилиб, факультет нуфузини ошириш билан бирга, университетнинг умумий рейтингини ҳам юқорига кўтармоқда. Натижада, Тарих факультети нафақат миллий, балки халқаро илм-фан майдонида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.
Юқоридаги амалга оширилган ишлар натижасида факультет халқаро илмий ҳамкорлик орқали чегара билмас илм-фан маконига йўл очмоқда. Бундай ташаббуслар нафақат профессор-ўқитувчилар, балки талабалар учун ҳам улкан имкониятлар эшигини очиб, Ўзбекистон тарихи ва маданий меросини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
2030 йилгача белгиланган тараққиёт стратегиясида Тарих факультети нафақат республика, балки бутун минтақа ва халқаро майдонда ўз нуфузини ошириб, тарих фанлари бўйича етакчи марказга айланишни мақсад қилган. Бу жараён «илмий трансформация», «замонавий таълим» ва «халқаро интеграция» устувор йўналишлари асосида амалга оширилади.
Факультетнинг асосий мақсадларидан бири – илмий мактабларни янада ривожлантириш ва янги йўналишларни очишдан иборат. Археология, манбашунослик, тарихий демография, этнология ва цивилизациялар тарихи каби соҳаларда кенг қамровли тадқиқотлар йўлга қўйилиб, Scopus ва Web of Science каби халқаро платформаларда мақолалар сонини бир неча баробар ошириш режалаштирилган. Шундан ташқари, факультет ҳузурида ихтисослаштирилган илмий лабораториялар ва инновацион тадқиқот марказлари ташкил этилмоқда.
2030 йилга қадар таълим жараёни тўлиқ рақамлаштирилади. Масофавий таълим дастурлари, онлайн курслар ва халқаро аудитория учун мўлжалланган модуллар орқали факультет ўз билим ресурсларини чегара билмас ҳолда тарқата олади. Бу жараён тарихий билимларни фақат маҳаллий эмас, балки жаҳон миқёсида оммалаштиришга хизмат қилади.
Факультетнинг 2030 йилга қадар трансформациясида халқаро алоқаларни кенгайтириш муҳим ўрин тутади. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилиб, талабалар икки дипломли дастурларда иштирок этади. Хорижий олимларнинг факультетда мунтазам маърузалари, профессор-ўқитувчиларнинг эса нуфузли университетларда стажировкалари йўлга қўйилади. Натижада факультет халқаро илмий майдонда рақобатбардош таълим марказига айланади.
90 йиллик тарих шуни кўрсатмоқдаки, Тарих факультети – бу шунчаки бир таълим муассасаси эмас, балки миллатнинг хотираси, маърифатнинг нур сочувчи маскани, келажакка ишонч манбаи. Унинг тарихи – қийинчиликларга бардош берган жасорат, илмий изланишларда қўлга киритилган юксак ютуқлар, авлоддан авлодга ўтаётган маънавий меросдир.
Юбилей доирасида факультет ташаббуси билан халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилиши режалаштирилган. Анжуманнинг асосий мақсади – бугунги кундаги тарих фанининг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш, сўнгги тадқиқот натижаларини тақдим этиш, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда турли мамлакатлар олимлари ўртасида илмий мулоқот учун платформа яратишдан иборат. Конференцияда факультет тарихи ва унинг илм-фанга қўшган ҳиссаси, тарих фанида анъаналар ва инновациялар, Ўзбекистон тарихи: ўтмишдан келажак сари, тарихий хотира ва уни рақамлаштириш масалалари, шунингдек, тарихни ўқитишнинг замонавий усуллари каби асосий йўналишлар бўйича илмий муаммолар ёритилади. Анжуман доирасида факультет битирувчилари учун махсус «Давра суҳбати» ҳам ўтказилиши белгиланган. Илмий-амалий анжуманда иштирок этиш учун олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий-тадқиқот институтлари, илмий марказлар, музейлар, архивлар ходимлари, ижтимоий-гуманитар фанлар вакиллари, ёш олимлар, докторантлар ва мустақил тадқиқотчилар таклиф этилади.
Бугун факультет янги мақсад, марралар сари дадил қадам ташламоқда. Илм ва таълим интеграцияси, халқаро ҳамкорлик, янги методологик ёндашувлар – буларнинг барчаси унинг истиқбол йўналишларидир.
Қаҳрамон Матхолиқов,
ЎзМУ Тарих факультети
«Жаҳон тарихи» кафедраси доценти.