Ўзбек нонуштаси учун қўлланма ишлаб чиқилди
Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳар қайси хорижлик сайёҳни фақат тарихий обидалар эмас, балки миллий таомлар, дастурхон маданияти ва маҳаллий турмуш тарзи ҳам қизиқтиради.
Туризм қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, энди меҳмонхоналарда сайёҳларга таклиф этиладиган ўзбек нонуштаси ҳам муайян мезонлар асосида ташкил этилади.
Ҳозирда Туризм қўмитаси томонидан “Жойлаштириш воситаларида ўзбек нонуштасини тақдим этиш бўйича қўлланма” ишлаб чиқилди. Ҳужжат меҳмонхоналарда миллий нонуштани муайян стандарт асосида ташкил этиш ҳамда гастрономик туризмни ривожлантиришга қаратилган. Қўлланма нонушта тоифасини танлаш, мос маҳсулотлар таркибини шакллантириш, мавсумийликни ҳисобга олиш, меню ва хизмат кўрсатиш стандартини жорий этиш, ходимлар учун назорат тизимини йўлга қўйиш, оддий, кенгайтирилган ва премиум нонушта каби беш босқичли тартиб асосида ишлаб чиқилган.
Бундан ташқари қўлланмада меҳмонхоналар учун базавий, кенгайтирилган ва премиум тоифадаги ўзбек нонуштаси намуналари ҳам келтирилган. Бу эса ҳар бир меҳмонхона ўз имконияти ва хизмат кўрсатиш даражасидан келиб чиқиб, миллий нонуштани шакллантиришига имкон беради. Қўлланмада нафақат қандай таомларни дастурхонга қўйиш, балки маҳсулотларни танлаш, уларни тақдим этиш ва меҳмонга хизмат кўрсатиш маданиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, хорижлик меҳмоннинг Ўзбекистондаги биринчи тонгида унга тортиладиган нонушта мамлакат ҳақидаги дастлабки таассуротини шакллантириши мумкин. Шу боис қўлланмада миллий нонушта оддий таомлар йиғиндиси сифатида эмас, балки маҳсулот, тақдимот ва хизмат кўрсатиш маданияти уйғунлиги сифатида қаралмоқда. Айниқса, нон, қаймоқ, қатиқ, пишлоқ, тухум, қуруқ мевалар, мавсумий мева-сабзавотлар ва бошқа миллий маҳсулотларни замонавий тақдимот билан уйғунлаштириш сайёҳга ўзбек дастурхонининг ўзига хослигини яқиндан таништириш имконини беради. Бундан ташқари, меҳмонхоналарда маҳаллий фермерлар томонидан етиштирилган маҳсулотлардан фойдаланиш ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий иқтисодий фаолликни оширишга ҳам хизмат қилади.
Яъни, ўзбек нонуштаси энди шунчаки меҳмонга бериладиган таом эмас. У Ўзбекистоннинг миллий ошпазлик меросини намоён этувчи гастрономик брендлардан бирига айланиши мумкин.
Қўлланма ва унга оид материаллар меҳмонхоналарга ўзбек нонуштасини муносиб даражада ташкил этишда амалий ёрдам беради. Бу эса бир томондан туристларга кўрсатилаётган хизмат сифатини оширса, иккинчи томондан миллий таомлар ва анъаналарни хорижий меҳмонларга янада кенгроқ танитишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА