761 минг хонадон иссиқлик билан таъминланди
“Иссиқликтаъминоти” акциядорлик жамияти томонидан “Иситиш мавсуми якунлари ва тизимни модернизация қилиш бўйича галдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, жамият ташкил этилганидан сўнг қисқа вақт ичида марказлашган иссиқлик таъминоти қамрови сезиларли даражада кенгайган. Бугунги кунда 761 мингдан ортиқ хонадон ҳамда 2,5 мингдан зиёд ижтимоий соҳа объектлари марказлашган иссиқлик таъминоти тизимига уланган.
Шунингдек, молиявий барқарорликни таъминлаш борасида ҳам ижобий натижаларга эришилган. Жумладан, дебитор ва кредитор қарздорликлар сезиларли даражада қисқартирилгани қайд этилди.


— Бизнинг асосий вазифамиз аҳолини сифатли ва узлуксиз иссиқлик билан таъминлаш. Бу йўлда тизимли ислоҳотлар ва замонавий технологияларни босқичма-босқич жорий этишни давом эттирамиз, — дейди “Иссиқликтаъминоти” АЖ бошқаруви раиси Илҳом Тўраев.
Анжуманда иситиш мавсуми якунлари ҳамда келгуси давр учун устувор вазифалар ҳам муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, айни пайтда тизимда 560 та қозонхона ва 4 минг километрдан ортиқ иссиқлик тармоқлари мавжуд. Жорий йилнинг биринчи чорагида 3,9 миллион Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилган бўлиб, йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 11,4 миллион Гкалга етказиш режалаштирилган.


Шу билан бирга, тизимдаги энергия йўқотишларини камайтириш мақсадида марказий диспетчерлик хизмати йўлга қўйилган. 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 124 та қозон, 113,1 километр иссиқлик тармоқлари ҳамда 91 та ёрдамчи ускунани таъмирлаш режалаштирилган.
Халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам қатор инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Нукус шаҳрида когенерация, Бухоро шаҳрида тригенерация технологияларини жорий этиш, шунингдек Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида сунъий интеллект асосида иссиқлик энергиясини бошқариш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида энергия самарадорлиги сезиларли даражада ошган. Жумладан, 2025 йилда 13,8 миллион куб метр табиий газ ва 15,2 миллион киловатт электр энергияси тежалган.
Шунингдек, қозонхоналарнинг фойдали иш коэффициенти 84,5 фоиздан 89,8 фоизгача ошган. Атмосферага зарарли моддалар чиқарилиши эса 204 минг тоннага камайган.
Ш.Маматуропова, ЎзА