7 августдан бошлаб уй ҳайвонлари мажбурий рўйхатдан ўтказилади – бунинг аҳамияти нимада?
Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонуни 2026 йил 7 августдан эътиборан кучга киради. Мазкур қонунга кўра, ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш, уларнинг насли ва соғлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон тизимда жамлаш назарда тутилган.
Қонунда акс этганидек, ит ва мушуклар 3 ойгача, қорамол, қўй, эчки ва туялар эса туғилганидан кейин 14 кун ичида ветеринария хизматида рўйхатдан ўтказилиши керак. Бунда кўрсатилган муддат тугагандан сўнг узоғи билан бир ой кечиктирмасдан рўйхатга олиниши лозим.
Четдан Ўзбекистонга олиб келинган ҳайвонлар олиб кирилганидан эътиборан 20 кундан кечиктирилмасдан идентификация қилиниши керак.
Агар уй ҳайвонлари рўйхатдан ўтказилмаса, бунинг учун 2028 йил 1 январдан жавобгарлик жорий этилади. Шу санадан бошлаб рўйхатдан ўтмаган ҳайвонларни сақлашга ҳам йўл қўйилмайди.
Ҳайвонлар сўйилган, ўлган, нобуд бўлган бўлса ёки Ўзбекистондан олиб чиқилса, 7 кунлик муддатда ҳисобдан чиқарилади.
Хўш, ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олишнинг қандай аҳамияти бор?
Мамлакатимиз аҳолисининг сони ортиб бораётган бугунги кунда аҳолини етарли ва сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб. Бунда қанча уй ҳайвони борлиги, уларнинг соғлиги, ҳолати ҳақида умумий маълумотлар базасини шакллантириш муҳим. Электрон тизим юритилиши асосида ҳайвонларнинг насли ва соғлиги тўғрисидаги маълумотларни жам қилиб бориш бозорларга сифатли чорва маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда ветеринар осойишталикни таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга. Шунингдек, турли ветеринар касалликлар тарқалишини бартараф этиш имкони бўлади.
Қонунда соҳага масъул бўлган органларнинг ваколатлари, ҳайвонларни идентификация қилувчи, рўйхатга олувчи ва кузатувчи мутахассисларнинг ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланган. Бу ҳайвон эгаларининг манфаатдорлиги ва масъулиятини оширади.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси қошидаги Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш тадбирларини ташкил этади.
Таъкидлаш лозимки, мазкур қонун чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ташқи ва ички бозорларга сифатли чорва маҳсулотлари етказиб бериш, ветеринар осойишталикни таъминлаш ҳамда ҳайвонларнинг ҳисобини юритишда қонуний асосга эга тизим яратилишига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА