689 та ҳолатда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилган
Фарғона вилоят прокуратураси органлари томонидан тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, қулай бизнес муҳитини яратишга оид тизимли чоралар кўрилмоқда. Ўтган йил давомида ўтказилган назорат тадбирларида 689 та ҳолатда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланиб, 58 нафар шахс интизомий, 49 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, 7 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилди.
Натижада 1 минг 51 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Уч мингга яқин тадбиркорларга турли масалаларда амалий ёрдам кўрсатилди. Прокурорлар кўмагида 546 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилиниб, 1 минг 589 та янги иш ўрни яратилди.

Фурқат туманидаги “Мастона бўстони” масъулияти чекланган жамиятига тумандаги “Темирйўлчи” кичик саноат зонасидан 1,8 гектар ер участкаси ажратиб берилиши ҳамда коммуникация (электр, сув ва газ) тармоқларига уланишида амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада корхонанинг ун ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиб, тумандаги 105 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, корхона томонидан 500 минг долларлик ун маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Қурилиш соҳасида 612 та ҳолатда 8 миллиард сўмга яқин сифатсиз ишлар, 100 та ҳолатда 1 миллиард сўмдан ортиқ қўшиб ёзиш аниқланиб, барчаси бартараф эттирилди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири